Тошкент вилоятида номусга тегиш жинояти кўпайган

Жамият

image

Жорий йилда 99 нафар шахс номусга тегиш жиноятини содир этган ва судланган. Номусга тегиш ҳолатлари Тошкент вилоятида кўпайган. Бу ҳақда бугун, 26 ноябрь куни “Янги Ўзбекистонда оилавий зўравонликни олдини олиш ва оилавий зўравонликдан жабр кўрганларга амалий кўмак бериш: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро конференцияда Олий суд судьяси Нодира Ҳакимова айтиб ўтди.

“Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказиш билан боғлиқ бўлган ўрганишлар жорий йилнинг ҳисобот даврида жами 2423 нафар шахсга нисбатан 2012 та жиноят иши қўзғатилганини кўрсатади. Шундан 1629 нафар (67 фоиз) зўравонлик ва тазйиқ ўтказган шахсларга нисбатан айблов ҳукмлари чиқарилган. 

Бундай жиноятларни содир этганлик учун шахсларнинг судланиш кўрсаткичи вилоятлар кесимида таҳлил қилинди. Зўравонликни содир этганларнинг аксари Тошкент, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида истиқомат қилишгани аниқланган. 2300 нафар жабрланган аёлларнинг 353 нафари (15 фоизи) Тошкент вилояти, 393 нафари (17 фоиз) Самарқанд вилояти, 225 нафари (10 фоиз) Тошкент шаҳрида аниқланган. Жабрланган аёлларнинг 1976 нафари 86 фоизи ишсиз экани аниқланган”, дейди Олий суд судьяси Нодира Ҳакимова.

Судья Ҳакимованинг айтишича, моддий қийинчилик нафақат низолар балки, ожиза аёлга қўл кўтариб зўравонлик қилишга ҳам сабаб бўлмоқда. Аммо низолардан кейин ҳам оиласини сақлаб қолишга уринган фуқаролар йўқ эмас ва уларнинг сони 2020 йилга нисбатан ошган. Шу билан бирга ҳимоя ордери талабини бажармаганлар ҳам учраб турибди.

 “2020 йилда 234 нафар шахс зўравонлик содир бўлганига қарамай оиласини сақлаб қолган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 492  тага етди. Ярашув 114 тага кўпайган. Шу билан бирга ҳимоя ордери талабини бажармаслик ҳолатлари ҳам мавжуд. Жорий йилда ҳимоя ордери талабларини бажармаслик жинояти билан 933 нафар шахсга нисбатан 905 та маъмурий иш кўрилган. Шундан 744 нафарига, яъни 79 фоиз шахсга нисбатан жазо қўлланилган. Уларга нисбатан Республика судлари томонидан 137 млн сўмдан ортиқ жарима қўлланилган. 349 кишига нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган”, дейди Нодира Ҳакимова.

Судьянинг маълум қилишича Зўравонлик характеридаги жиноятлар турига кирадиган номусга тегиш жинояти ҳам Олий суд томонидан таҳлил қилинган ва бу жиноятни содир этганларнинг сони Тошкент вилоятида кўп учрамоқда.

“Жорий йилда 99 нафар шахс номусга тегиш жиноятини содир этган ва судланган. Бундай жиноятни содир этганлар асосан Тошкент вилоятида кўпчилик, яъни 27 нафар, Самарқанд вилоятида 13 нафар, Жиззах вилоятида 7 нафарни ташкил этган”, дейди Олий суд судьяси.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаеванинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, 2021 йил 9 ой давомида 29 541 та аёлга ҳимоя ордери берилган, 72 нафар аёл жинсий зўравонлик қурбони бўлган.

25 ноябрь – “Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш” куни. Сиз аёлларга қарши тазйиққа қарши курашяпсизми?


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят жинсий зўравонлик аёллар зўравонлик номусга тегиш

Баҳолаганлар

687

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг