Тўхтаб турган Nexia’нинг газ баллони портлаб кетди

3-саҳифа

image

Бугун, 27 октябрь куни Қашқадарё вилоятида Nexia русумли автомобилга ўрнатилган газ баллонда портлаш содир бўлди. Оқибатда икки киши оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа соат 13:30 да вилоятнинг Чироқчи тумани ҳудудида жойлашган чойхона биносининг рўпарасида содир бўлган. Тўхтаб турган Nexia русумли автомобилга ўрнатилган газ баллонда портлаш содир бўлган. Автомобиль бошқарувида 2002 йилда туғилган И.Н. бўлган. 

Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи И.Н. ва ушбу автомобиль йўловчиси 2003 йилда туғилган Ш.С. оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Хабарга кўра, мазкур ҳодиса юзасидан Чироқчи тумани ИИБ, ФВБ ва прокуратураси томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, ҳодиса содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, автомобилга ўрнатилган газ баллонининг портлаш ҳолатлари аввал ҳам қайд этилган. Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Қашқадарёда ҳаракатланиб кетаётган Lacetti автомобилининг газ баллони портлаб кетган бўлса, октябрь ойи бошида Сурхондарёда Lacetti автомобилига ўрнатилган газ баллон сиқилган газ тўлдириш шахобчасида портлаб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

218

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг