Россия хавотирда: Москвага меҳнат муҳожирлари оқими кескин камайди

Олам 13107
image

Охирги 20 йил ичида биринчи марта Россия пойтахти Москвага меҳнат муҳожирлари оқими кескин камайди. Бундай ҳолат 2008-2009 йилларда молиявий инқироз вақтида юз берган. Аммо, ўша пайтда ҳам мамлакатдан чиқиб кетиш бу қадар бўлмаган. Бу ҳақда “Российская газета” нашри хабар берди.

Москва шаҳар статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2016 йилнинг январь-сентябрь ойларида пойтахтнинг хорижий ишчи кучи ўсиши 2015 йилнинг шу даврига нисбатан тўрт баробардан зиёдга камайган.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 9 ой давомида 174 мингдан ортиқ муҳожир Москвага келган ва деярли 160 минг киши мамлакатдан чиқиб кетган. шундай қилиб мамлакатда атиги 15 мингдан ортиқ мигрант қолган, ўтган йили эса бу кўрсаткич 66 мингдан зиёдни ташкил қилар эди.

Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси тадқиқотига кўра, муҳожирлар 2014 йил охиридан бошлаб тизимли равишда пойтахтни тарк эта бошлаган. Сўнгги икки йил ичида савдо-сотиқ соҳасида ишлайдиган мигрантлар сони 54 фоизга, молия секторида 46 фоизга, уларнинг кўпи эса таълим соҳасини ташлаб кетишган. Бу соҳада мигрантлар сони деярли икки баравар камайган.

Умуман олганда, ҳозирда Москвада миграция реестрида 650 мингга яқин чет эл фуқаролари бор. Мутахассисларга кўра, пойтахтда муҳожирларнинг сони миллиондан ошади. Лекин, бу 5-6 йил олдинги ҳолатнинг ярми ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Россия ҳудудида ноқонуний яшаётган чет элликлар мажбурий чиқариб юборилиши ёки уларга нисбатан бошқа маъмурий чора қўлланилиши ҳақида хабар бергандик.
 

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 626
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×