Туркияда теракт

Таҳлил

Туркиянинг Анқара шаҳрида теракт содир бўлди. 23 октябрь куни тахминан соат 15:30 лар атрофида Анқаранинг Қаҳрамонқозон туманидаги Турк аэрокосмик саноати (TAI) объектларига террор ҳужуми уюштирилган. Дастлаб объектлар олдида отишма ва портлаш овозлари эшитилган, орадан вақт ўтиб бу теракт экани аниқланган.

Тармоқларда террорчиларнинг объектга борган вақтидаги видеолари пайдо бўлди. Тасвирда барча эшиклари очиқ такси акс этган. Террорчининг аввалига такси орқасига ўтгани, сўнг чап тарафга ўтиб, объектни нишонга олганини кўриш мумкин.

Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ушбу ҳолат юзасидан берган биринчи баёнотида қурбонлар борлигини маълум қилди.

“Анқарадаги Қаҳрамонқозон объектларига террор ҳужуми уюштирилди. Афсуски, шаҳидларимиз ва ярадорларимиз бор. Аллоҳ раҳматига олсин”, деган вазир.

Ички ишлар вазирининг биринчи баёнотида қурбон бўлган ва ярадорларнинг аниқ сони очиқланмаган. Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган BRICS саммитига борган мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин билан учрашуви чоғида 4 киши ҳалок бўлганини ва 14 киши жароҳатланганини маълум қилган.

“Бу қабиҳ террористик ҳужумни қоралайман, шаҳидларимизга Аллоҳдан раҳмат тилайман”, деган у.

Орадан бир неча соат ўтиб, терак оқибатида қурбон бўлганлар сони ортгани маълум бўлди. Баёнотга кўра, ҳодиса оқибатида 5 киши қурбон бўлган, 22 киши яраланган. 

“Террорчилик ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони беш нафарга етди, жами жароҳатланганлар сони 22 кишини ташкил этди, улардан уч нафари шифохонадан чиқарилди”, деган вазир эфирда.

Ички ишлар вазири ҳужумга мамлакатда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчилар партияси террор ташкилоти алоқадор бўлиши мумкинлигига ишора қилди.

“Бошидан бери содир бўлган воқеалар ва кўрган тасвирларимиз катта эҳтимол билан Курдистон ишчилар партияси (ПКК)нинг қилган ишлари билан боғлиқ. Бизнинг баҳолашимиз шундай. Шахслар аниқлангандан сўнг, якуний натижани сиз билан бўлишами”, деган Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя.

Вазир Али Ерлиқоянинг Курдистон ишчилар партиясидан гумонланиши бекорга эмас. Кузатувлар натижасига кўра, 2022 йилда Мерсин полиция уйи ва 2023 йилда Ички ишлар вазирлигига Курдистон ишчилар партияси томонидан қилинган ҳужумларда худди бугун “TUSAŞ” корпорацияси биноси яқинида содир бўлганга ўхшаш усуллар қўлланилган.

Албатта, ҳаммада нима учун теракт Турк аэрокосмик саноати заводида содир этилди, деган савол ҳам пайдо бўлади.

Очиқ маълумотларга кўра, ҳужум 15:26 да аэрокосмик саноати заводининг асосий дарвозасида содир бўлди. 15:26 корхона ходимларининг навбат алмашадиган вақти. Ҳужум қилинган эшик эса айнан ходимлар эшиги.

Тушунганингиздек, террорчилар заводнинг ходимлари қачон биринчи ўз ишини тугатади, қачон бошқа ходимлар иш бошлайди, ҳаммасини яхши билган. Кузатган десак ҳам муболаға эмас. Видеоларда террорчилар тўлиқ қуроллангани ва сумкалари катталигини кўриш мумкин.

Турк аэрокосмик заводида 5-авлод қирувчи KAAN самолёти ишлаб чиқарилган. Қолаверса, Туркия томонидан Сурия ва Ироқ шимолидаги террористлар ҳам айнан шу завод қуроллари билан ўққа тутилган.

Адлия вазири Йилмаз Тунчнинг маълум қилишича, террор ҳужуми юзасидан Анқара Бош прокуратураси томонидан тергов бошланган. Террор жиноятлари тергов бюроси томонидан олиб бориладиган терговга 1 нафар Бош прокурор ўринбосари ва 8 нафар прокурор тайинланган.

Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя бир аёл ва бир эркак террорчи йўқ қилинганини маълум қилиб, уларнинг шахсини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

“Террорчиларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этмоқда, уларнинг кимлигини билганимиздан кейин қайси террор ташкилотига тегишли эканини маълум қиламиз”, деди вазир.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг айтишича, террорчиларнинг шахси ва уларнинг ҳар қандай ташкилотга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар шахсни аниқлаш ишлари якунланганидан кейин оммага эълон қилинади.

Турк ОАВларининг ёзишича, теракт оқибатида вафот этганларнинг шахси аниқланган.

“Қаҳрамонқозон туманидаги Турк аэрокосмик Саноат Акциядорлик жамияти (TUSAŞ) кампусида сифат назорати ходими бўлиб ишлаган Чингиз Cошкун, механик муҳандис Зоҳида Кучлу, аэрокосмик Саноат Акциядорлик жамияти ходими Ҳасан Ҳусейин Cанбаз, хавфсизлик ходими Атакан Шаҳин Эрдўған ва такси ҳайдовчиси Мурат Арслон терак оқибатида шаҳид бўлди”, деб ёзган маҳаллий нашрлар.

Мамлакат вице-президенти Жавдат Йилмаз ҳам ҳолат юзасидан баёнот берди. У террористлар ҳеч қачон мақсадига эриша олмасликларини айтган.

“Терроризмдан қурол сифатида фойдаланаётганлар, шу пайтгача қилганидек, ҳеч қачон ўз мақсадларига эриша олмайди. Бу жирканч воқеалар мудофаа саноатимиздаги қатъият ва биродарлигимизни оширади. Терроризмга қарши курашда давом этамиз. Умид қиламанки, бундай воқеа ҳеч қачон такрорланмайди. Фидокорона меҳнат қилаётган давлат хизматчиларига миннатдорлик билдираман”, деган Жавдат Йилмаз.

Шунингдек, у жамоатчиликдан ёлғон хабарларга ишонмаслик, барча маълумотларни расмий манбалардан кузатиб боришни сўраган.

BRICS саммити доирасида Қозон шаҳрида бўлиб турган Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған ўзининг Х саҳифасида шундай ёзади:

“Ҳамма билиши керакки, Туркияга чўзилган кир қўллар, албатта, синади. Ҳеч бир тузилма, ҳеч бир террор ташкилоти, ўз мақсадларига эриша олмайди.

Ҳар хил террор таҳдидлари ва уларни қўллаб-қувватловчиларга қарши қатъият билан курашишда давом этамиз. Хоин террорчилик ҳаракатида шаҳид бўлган биродарларимизга Аллоҳдан раҳмат, ярадорларимизга шифо тилайман”, деган Президент.

Ҳолат содир бўлганидан сўнг ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар ҳам кўпайди. Адлия, ички ишлар вазирлари барчадан расмий манбаларни кузатиш ва ёлғон хабарларга ишонмасликни сўради.

Радио ва телевидение Олий Кенгаши раиси Абубакир Шаҳин содир этилган терактни оммавий ахборот воситаларида ёритишга чекловлар жорий қилингани ҳақидаги суд қарорини олганини ёзмоқда.

Унинг таъкидлашича, бунга тармоқларда тасдиқланмаган ва ёлғон хабарларнинг кўпайиб кетгани сабаб бўлган.

“Террор ҳодисалари юз берган вақтда оммавий ахборот воситаларининг жавобгарлиги аниқ. Қонунчилигимизни ҳам, матбуотнинг касбий тамойилларини ҳам инобатга оладиган бўлсак, бундай воқеалардан кейин фуқароларнинг ваҳима қўзғатиши, жамоатчилик норозилигига сабаб бўлиши мумкин бўлган шов-шувли, манбасиз маълумотлар ва даъволар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаслиги ниҳоятда муҳим.

Янгиликларда фақат расмий маълумотлар акс эттирилиши керак. Акс ҳолда, масъул нашриётларга зарурий жазо чоралари қўлланилади. Теракт ортидан суд томонидан нашрни тақиқлаш қарори чиқарилган. Тақиқга риоя қилмаганлар қаттиқ жазоланади”, деган Абубакир Шаҳин.

Маълумот учун, Turkish Aerospace компанияси 1973 йилда ташкил этилган, Туркиянинг аэрокосмик соҳасида жуда муҳим саналади. Компания томонидан самолёт, вертолёт, дронлар ҳамда тижорий фойдаланиш ва ҳарбий эҳтиёжлар учун космик сунъий йўлдош воситалари ишлаб чиқилади.

2023 йилда “Turkish Aerospace Industries Ins” дунёдаги энг йирик 100 та мудофаа компаниялари рўйхатига кирган. Корхонанинг йиллик даромади 1,5 миллиард долларга тенг. Компанияда 15 мингдан зиёд ходим, шу жумладан 7 мингга яқин муҳандис, 6,5 мингдан ортиқ техник ва бошқа ишчилар меҳнат қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия теракт Анқара TUSAŞ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг