Молия вазирига янги ўринбосар тайинланди
Жамият
−
13 Июль 2021
12547Гулнора Хошимовна Раҳимова Ўзбекистон Молия вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу маълумотни Молия вазирлиги Матбуот котиби QALAMPIR.UZ'га тасдиқлади.
Маълум қилинишича, у тайинловга қадар, 2020 йил 2 октябрдан бошлаб Молия вазирлиги Ғазначилик бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — Давлат харидлари департаменти директори лавозимида ишлаган.
Маълумот ўрнида, Гулнора Раҳимова 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. Меҳнат фаолиятини Миллий университет ўқув бўлими мутахассиси, Иқтисодиёт факультети менежмент кафедраси катта ўқитувчиси сифатида бошлаган (1995-2002). 2011-2014–йилларда Миллий университетда катта илмий ходим, 2014-2017–йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджет ташкилотлари ва молия органлари ходимларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича ўқув марказининг “Давлат бюджетининг Ғазначилик ижроси” кафедрасида катта ўқитувчи, сўнгра 2017-2019–йилларда ушбу бўлим бошлиғи сифатида ишлаган.