Кичик елкасида оғир юк кўтарганлар ёхуд дунёда “меҳнаткаш” болалар 160 млндан ошди

Жамият 2462
1 (6)

Бозор атрофида, хиёбон ёки кўча-кўйда юрган пайтингиз кичик қўлларини сиз томонга чўзганча уч-тўрт бола атрофингизни ўраб олади. Бири тинмай “садақа рад-ул бало” деса, яна бири кийимингизни юлқийди. Бошқаси эса қўлидаги қоғозга ёзилган “биография”сини кўрсатиб, пул беришингизни сўрайди. Aгар қўлидаги қоғозда нима ёзилганини болакайнинг ўзидан сўрасангиз, ҳаттоки ўқишни ҳам билмаслигига гувоҳ бўласиз. Ҳа, у боғча нималигини билмаган, мактаб остонасига қадам қўймаган, аниқроғи қадам қўёлмаган “меҳнаткаш”дир.

12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистонда кузатилаётган болалар меҳнати ва ҳаёт “қозонида қайнаётган” мактаб ёшидаги “меҳнаткаш”ларга тўхталмоқчимиз.

Бу каби болаларнинг барчаси ҳам сизга қўлидаги қоғозни кўрсатиб, эҳсон қилишингизни кутмайди. Баъзилари қўлида сиз-у биз учун арзимас туйилган буюмларни (нам салфетка, тақвим, турли мунчоқ ва туморлар) кўтариб олиб, харид қилишингизни илтимос қилади. Тирикчилик учун харидор кутадиган манзиллари эса одамлар гавжум кўча ва катталар ҳам минг ҳадик билан ўтадиган машиналар тирбанд чорраҳалардир. Светафорнинг яшил чироғида тўхтаб турар экансиз машинангиз ойнасини “кичик қўлчалар” тақиллатади. Беихтиёр қарайсиз. Иссиқда юзлари терлаб кетган болакай “Aмаки, шундан битта сотиб олинг”, дея қўлида кўтариб олган нарсасидан сизга узатади. Кимдир болакайнинг кир қўлларидан бироз таъби хира бўлиб сотиб олгиси келмаса, яна кимдир ҳозир светафорнинг яшил чироғи ёнишини, болакайга бу ерда туриш хавфли эканини тушунтирмоқчи бўлади. Лекин бир савол туғилади: кўча-кўйда тиланчилик қилаётган, бозорларда ҳали мактаб ёшида бўлишига қарамай арава тортаётган болалар ростан ҳам бу ишларга яқинлари томонидан мажбурланадими? Балки уларнинг ўзи меҳнат қилиш учун кўнгиллидир... Буниси бизга қоронғу.

QALAMPIR.UZ Чорсу бозорида бўлиб меҳнат қилаётган болаларга гувоҳ бўлди. Бу суратларни сиз билан бўлишиб, оиласи учун ҳалол меҳнат қилаётган, рўзғорнинг “ғор”ини ўйлаётган болаларни сазойи қилиш ниятидан йироқмиз. Шунчаки дунё “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш” кунини “оғизда” “шиорларда” нишонлашдан фойда йўқлиги. Ўзбекистонда мактаб ёшидаги болалар меҳнат қилаётганини эслатмоқчимиз холос.

Тан олиш керак кимдир мажбурликдан, кимдир йўқчиликдан яна кимдир эса зўрликдан ишлашга мажбур бўлади. Ўз хоҳиши билан меҳнатга бел боғлагани ҳам бор, лекин тўрт мучаси соғ бўла туриб вояга етмаган фарзандини ишлатиб, ўзи уйда ўтирган оталар, соғлом бўлиб боладан фойдаланаётган оналар ҳам йўқ эмас...

Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, сўнгги тўрт йил ичида дунё бўйлаб ишлайдиган болалар ва ўспиринлар сони 8,4 миллионга кўпайиб, 160 миллионга етди. Ҳисобот муаллифлари пандемия туфайли янада кўпроқ ўғил-қизлар омон қолиш учун мактабни ташлаб, ишлашга мажбур бўлишидан хавотирда.

2000 йилдан 2016 йилгача ишлайдиган болалар сони 94 миллионга камайди. Aммо сўнгги тўрт йил ичидаги акстенденция ушбу ютуқларни йўққа чиқариши мумкин. ХМТнинг янги ҳисоботи 12 июнь куни нишонланадиган Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни муносабати билан эълон қилинди.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, 160 миллион вояга етмаган ишчиларнинг ярми 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалардир. Бундан ташқари, 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган тахминан 79 миллион ўғил-қиз соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли шароитларда ишлайди - конларда, фермер хўжаликларида ва плантацияларда улар кўпинча хавфли техника ва заҳарли тутун билан иш олиб боришади. 2016 йилдан бери соғлиқ учун хавфли иш жойидаги болалар сони 6,5 миллионга ўсди.

“Янги маълумотлар жуда хавфли сигналдир. Биз ёш авлод дуч келадиган хавф-хатарлардан кўз юмолмаймиз”, дейди ХМТ бош директори Гай Райдер. 

Унинг фикрича, вазиятни ўнглаш мумкин ва бунинг учун болали оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари мавжуд. Aйнан шу механизмлар ота-оналарга иқтисодий қийинчиликлар пайтида фарзандларини ўқиш имкониятидан маҳрум қилмасликка имкон беради.

ХМТ раҳбари қашшоқлик циклини бузишга ва болалар меҳнатини тўхтатишга, айниқса, қишлоқ жойларида сармояга ва трансформацияга жуда муҳтож бўлганларни чақирди. Қишлоқ хўжалиги сектори болалар ишчиларининг 70 фоизини ташкил қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2021 йилни “Болалар меҳнатига барҳам беришнинг халқаро йили”, деб эълон қилди. Бу йилги асосий муаммо халқаро ҳамжамиятни болалар эксплуатациясига қарши курашга сафарбар этишдир. БМТ ушбу ҳодисани 2025 йилгача тўхтатишга чақирмоқда.

Тўғри, янги ҳисобот муаллифлари ушбу мақсадга эришиш имкониятидан шубҳаланмоқдалар. Улар пандемия туфайли 2022 йил охирига келиб яна 9 миллион бола “ишчилар армияси” сафига қўшилишидан хавотирда.

COVID-19 туфайли юзага келган иқтисодий беқарорлик ва мактабларнинг ёпилиши болаларнинг оғирроқ шароитларда ишлашини англатади.

“Биз болалар меҳнатига қарши курашда ютуқларимизни йўқотяпмиз. Сўнгги бир йил ичида ушбу ҳодисага қарши курашимиз муваффақият қозонмади”, деди UNICEF’нинг ижрочи директори Генриетта Фор.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 38
Рейтинг: 3.1
t
×