Тошкентда бўлғуси Сенат биноси қаршисидаги уйни бўяётган уста 4-қаватдан йиқилиб тушди

3-саҳифа 8632

Маълумки, Тошкентнинг Миробод тумани, Шароф Рашидов кўчаси, собиқ Ташқи ишлар вазирлиги биноси ўрнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг янги биноси қурилмоқда. Шу муносабат билан унинг атрофидаги кўп қаватли уйлар фасадини бўяш ҳам режалаштирилган.

Бугун, 4 июнь куни Миробод туманидаги Чимкент кўчасида Сенат биноси қурилиши доирасида фасадини бўяш ишлари бошланган кўп қаватли уйларлардан бирида бахтсиз ҳодиса юз берди. QALAMPIR.UZ манбасининг маълум қилишича, соат 15:20 ларда кўп қаватли уй фасадини бўяш вақтида ишчилардан бири бинонинг тўртинчи қаватидан пастга йиқилди.

Манба берган маълумотга кўра, QALAMPIR.UZ жамоаси воқеа жойига етиб борди. Маълум бўлишича, баландликдан йиқилган шахс 1987 йилда туғилган А.Т. оғир аҳволда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (16-шаҳар шифохонаси) га олиб кетилган. Шифохонада унга бош миянинг очиқ жароҳатланиши, кататрамма ташхиси қўйилган ва амалиётга олинган. Ҳодиса гувоҳларининг мухбиримизга маълум қилишича, тез тиббий ёрдам ходимлари воқеа жойига 35 дақиқа деганда етиб келган.

“Биз уйда ўтирган эдик. Орқа тарафдаги эшигимиз очиқ эди. Биз чой ичиб бўлганимиздан кейин, ойим ташқарига чиқди. Бироздан сўнг баланд овоз эшитилди. Ойим шошиб уйга кирди-да, “Моҳинур, 103 га телефон қил”, деди. Кейин мен 103 га телефон қилдим, аммо нима бўлганини тушунмадим. Ойим нима дейишни айтиб турди, мени тез ёрдамга айтдим. Улар умуман бизни гапимизга тушунмади. Биз уларга “уста йиқилди”, деб айтяпмиз. Аммо улар “ким, қўшнингизми”, дейди. “Бўяшга келган уста тушиб кетди”, деб қайта-қайта айтяпмиз, аммо улар битта саволни бераверди “танийсизми-йўқми”, деб. Тез тиббий ёрдам чақирдик ва уларни кутдик. Ҳамма чиқди, қўшнилар, усталар йиғилди. Устани тили орқага тортишни бошлади. Қошиқ билан тилини ушлаб турдик. Кейин биз “тез ёрдам”га телефон қилган вақтимизга қарасак 15:26 экан. Қайта яна қилиб тезроқ келишларини айтсак, “чиқиб кетишган” дейди, аммо келмаяпти. Устанинг аҳволи эса оғирлаша бошлади. Соат 16:00 да “тез ёрдам” етиб келди. Орадан 36 минут вақт ўтди. Устани бошидан кўп қон кетди. “Тез ёрдам” етиб келганидан кейин укол қилди ва машинага ортиб олиб кетишди”, дейди гувоҳлардан бири.

А.Т. Сенат биноси қурилиши доирасида бўялаётган кўп қаватли уйда ишлаётганда йиқилиб тушгани ҳақидаги маълумотга аниқлик киритиш учун Сенат Матбуот хизмати раҳбари билан боғландик. У кўп қаватли уйларнинг бўялишига парламент юқори палатасининг алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Бахтсиз ҳодиса юзасидан бошқа ишчилар ва шу атрофда яшовчи фуқаролардан маълумот олишга ҳаракат қилганимизда, улар биз билан мулоқот қилишни исташмади.

Кейин ишчиларни уй бўяш учун ким ёллаганига ойдинлик киритиш учун Миробод тумани ҳокимлиги Матбуот хизматига мурожаат қилдик. Аммо улардан аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмагач, туман ҳокимининг ўринбосари Фарҳод Нажмиддиновга қўнғироқ қилдик. Афсуски, у ҳам туманида бўлаётган ишлардан бехабарлигини, аммо воқеани ўрганиб, аниқлаб маълумот бериши мумкинлигини айтиш билан чекланди.

Ишчиларга бошчилик қилган шахс биз билан мулоқот қилишдан бош тортгани учун уларни бу ерга ким олиб келгани ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 208
Рейтинг: 3
t
×