“Орзу кемаси”: Ўзбекистонга яна бир қимматбаҳо самолёт олиб келинди (видео)

Жамият 7656

“Uzbekistan Airways” AЖ олтинчи Boeing 787 Dreamliner самолётини сотиб олди. Самолёт бугун, 5 май куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Ўзбекистон миллий авиаташувчиси 2016 йилнинг август ойидан бошлаб Boeing 787 Dreamliner самолётининг Марказий Осиёдаги биринчи буюртмачиларидан бири сифатида ушбу ҳаво кемасининг тижорий эксплуатациясини бошлаган. Мазкур русумдаги иккинчи самолёт 2016 йил ноябрь ойида, учинчиси эса, 2018 йил май ойида авиакомпания паркини тўлдирган. Авиакомпания раҳбарияти томонидан 2019 йилнинг апрелида тўртинчи ҳамда июль ойида бешинчи Dreamliner ҳам қабул қилиб олинган.

Вашингтоннинг Сиэтл шаҳридан 12 соат 20 дақиқада Ўзбекистонга етиб келган Boeing 787 Dreamliner самолёти капитани Руслан Алмамедовнинг айтишича, самолёт aмерикалик мутахассислар билан бирга текширувдан ўтказилган. Текширувлар муваффақиятли ўтганидан сўнг, самолёт Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси билан қабул қилиб олинган.

Dreamliner’ни Америкадан олиб келган Руслан Алмамедов Касбининг оғир ва енгил жиҳатлари ҳақида гапирди.

“Мен Boeing 787 кемасининг сардориман. 2012 йилда Санк- Петербург фуқаролик авиацияси университетини тугатиб, 2013 йилдан Boeing 757-767 самолётларида иккинчи учувчи бўлиб иш фаолиятимни бошлаганман. 2016 йилнинг декабрь ойида Boeing 757-767 кема сардори бўлиб тайинланганман.

2018 йилдан Boeing 787 самолётлари олиб келина бошлагач, шу самолётга Сингапурда бир ярим ой давомида ўқув машғулотларини ўтаб, кема сардори бўлиб ишлашни бошлаганман ва шу кунга қадар ишлаб келаяпман. Касбимизни қийин деса бўлади. Чунки биз 300 га яқин йўловчиларнинг ҳаётига жавоб берамиз ва ҳар бир парвоздан олдин тайёргарлик кўришимиз керак. Касбимиз зўр, лекин яна бир томони оиладан узоқда бўламиз, мана Сиэтлга учиб кетганимизга бир ҳафтадан ошди. Бир ҳафтадан буён оиламни кўрмадим, уларни жуда соғиндим.

Дадамлар ҳам учувчи бўлганлар, шунинг учун ёшлигимдан учувчи бўлишни орзу қилардим. Қийин вазиятларда ҳам воз кечиш ниятим бўлмаган.

Бу касбда асосийси ўз вақтида тўғри қарор қабул қилиш. 200 дан ортиқ йўловчиларни ташиймиз, уларнинг ҳаммаси бизга ишониб топширилади. Ҳаммасининг ҳаёти бизнинг қўлимизда, бу жуда катта масьулият”, дейди Руслан Aлмамедов.

Boeing корпорацияси ва “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси ўртасидаги ижтимоий ёрдам етказиб бериш бўйича ҳамкорлик дастури доирасида ушбу лайнерда юртимизга ижтимоий кўмакнинг учинчи партияси ҳам олиб келинди. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун тақдим этилган мазкур инсонпарварлик ёрдам юки Орол денгизи минтақасига етказиб берилади. Фавқулодда ёрдам ва ускуна комиссияси (Commission on Urgent Relief and Equipment) томонидан тақдим этилган мазкур ёрдамнинг умумий қиймати 100 000 AҚШ долларини ташкил этади.

“Ўзбекистонга Фавқулодда ёрдам ва ускуна комиссияси томонидан учинчи бор ёрдам юклари етиб келди. Тиббий каравотлар, матрас, замбил ва бошқа тиббиёт ускуналари берилган. Бундан кейинги ёрдам юкида тиббиёт ускуналари ҳам берилиши кўзда тутилган.
Aвиақатнов орқали келиши имконсиз бўлган маҳсулот ва ускуналар темир йўл орқали юборилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш соҳасини яхшилаш учун ажратилган маблағнинг умумий миқдори 3 млн AҚШ доллар этиб белгиланган. Бугун етиб келган гуманитар ёрдам Оролбўйида жойлашган тиббиёт пунктларига етказиб берилади. Бунда Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳам кўзда тутилган”, Мурод Қурбонов.

Boeing 787 Dreamliner самолётида йўловчиларининг барча эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Boeing 767 билан таққослаганда Dreamliner самолётининг ёқилғи самарадорлиги 10 фоизга, ҳар бир йўловчига нисбатан ҳисоблаганда эса 20 фоизга етади.

Самолёт корпусининг 50 фоизи композит, 20 фоизи эса алюмин материаллардан таркиб топган. Самолёт чиқарадиган ташқи шовқин аввалги Boeing моделларига нисбатан 2 баробар кам. Салоннинг ички диаметри Boeing 767 га нисбатан 1 метр каттароқ. Ҳаво кемаси саҳнидаги кенг ўриндиқлар, янги пол қопламалари, ёритиш ва шовқиндан ҳимоя қилиш тизимлари парвознинг янада ёқимли бўлишини 
таъминлаши айтилмоқда. Шунингдек, самолёт саҳни ҳаво намлагичлар, йўловчилар учун алоҳида экранлар ҳамда катта мониторлар билан ҳам жиҳозланган.

“Ҳаво кемамиз ҳозир ҳам бемалол йўловчиларни олиб Aмерикага ёки бошқа  узоқ давлатларга учиб бора олади. Сиэтлдан 12 соатдан ортиқ вақт давомида учиб келдик. Бу Dreamliner 16-17 соатгача тўхтовсиз уча олиш имкониятига эга

Кўпчилик учуе биринчи парвоз қаерга амалга оширилиши сир бўла қолсин, “сюрпириз”. Олдинги Boeing’лардан фарқи тезроқ учади, ёқилғини 20 фоизгача тежайди. Йўловчиларга асосий қулайлиги тўхтовсиз узоқ масофага уча олади, яъни бошқа авиавокзалларда вақт ўтказишга мажбур бўлмайсиз. Парвоз давомида ҳаво намлантирилиши ҳисобига йўловчиларни чарчатмайди. Уларда бош оғриғи, силла қуриши кузатилмайди”, дейди Минур Бешатов.

 
Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 159
Рейтинг: 3.2
t
×