Президентнинг қаршисида шеър ўқиган йигит Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди
Жамият
−
06 Январь 2021
137372020 йилнинг 25 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлар форумида жиззахлик талаба Сайфиддин Оканов Шавкат Мирзиёевга ўзи ёзган шеърни ўқиб берганди. Шундан сўнг, Президент Мирзиёев Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга Жиззахга бориб, иқтодорли ёшлар ҳақида маълумот тўплаш келишни топширганди.
Орадан 10 кун ўтиб, Президентга шеър ўқиб берган талаба ва у қаторда яна 11 нафар ёшлар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
Ёзувчилар уюшмасидан хабар беришларича, кеча, 5 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Иқтидорли ёшлар – Янги Ўзбекистон таянчи” номли маданий-маърифий тадбир ташкил этилган. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, уюшма жамоаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари, ижодкорлар иштирок этган.
Тадбир Жиззах шаҳридаги давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкаллари пойига гул қўйиш, улуғ сиймолар руҳига ҳурмат кўрсатишдан бошланган.
Шундан сўнг Жиззах давлат педагогика институти Маданият саройида Сирожиддин Саййид билан вилоят ёшлари ва ёш ижодкорлари учрашуви бўлиб ўтган.
Тадбирда уюшма аъзолигига қабул қилинган 12 нафар жиззахлик ижодкорга гувоҳномалар топширилган. Улар орасида Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлимининг “Сангзор мавжлари” тўгараги раҳбари Сайфиддин Оканов, Зомин туманидаги “Зомин булбуллари” тўгараги раҳбари Абдуғаффор Шодмонқулов, Шароф Рашидов туманидаги “Истеъдод ғунчалари” тўгараги раҳбари Абдуҳалил Сатторов ҳам бор.
LiveБарчаси