Ҳусийлар Қизил денгизда АҚШ танкерига ҳужум қилди

Олам

image

Яман ҳусийлари Қизил денгизда АҚШга тегишли эканини аниқлаган Mado суюлтирилган газ танкерига ҳужум қилди. Бу ҳақда ҳаракатнинг ҳарбий вакили Яҳё Сария маълум қилди.

“Яман ҳарбий-денгиз кучлари Қизил денгизда Американинг Mado кемасини нишонга олган бир нечта кемага қарши ракеталар ёрдамида операция ўтказди”, дейди Сария.

Ҳаракат вакили ҳусийлар Исроил жанубида жойлашган Эйлат шаҳрига қанотли ракеталар билан ҳужум қилганини айтди. Исроил мудофаа кучлари эса 18 март куни Эйлат шимолидаги одам яшамайдиган ҳудудга “шубҳали ҳаво нишони” қулаганини маълум қилди.

Маълумот учун, Ғазо секторидаги можаро авж олганидан сўнг, ҳусийлар Исроилни ўққа тутиши ва Фаластин анклавидаги операция тўхтатилгунга қадар унга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига рухсат бермаслиги ҳақида огоҳлантирди. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери ҳусийлар Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб тинч аҳоли кемаларига ҳужум қилган. 14 март куни ҳаракат етакчиси Абдул Малик ал-Ҳусий унинг тарафдорлари Ҳинд океани орқали Яхши Умид бурнигача кетаётган Исроил билан боғлиқ кемаларга ҳужум қилиш ниятида эканини айтди.

Ҳусийларнинг ҳаракатларига жавобан Америка расмийлари Қизил денгизда навигация эркинлигини таъминлаш ва кемаларни ҳимоя қилиш учун халқаро коалиция тузилгани ва Prosperity Guardian операцияси бошланганини эълон қилди. Кейинчалик Буюк Британия ва Қўшма Штатлар Қуролли кучлари Яманнинг турли вилоятларидаги ҳусийларнинг ҳарбий нишонларига мунтазам зарба бера бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яман ҳусийлар Қизил денгиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг