Ҳусийлар Американинг учта кемасига ҳужум қилди
Олам
−
13 Ноябрь
4306Яманнинг ҳусийлар ҳаракати кеча, 12 ноябрь куни ракета ва дронлар билан Араб денгизида АҚШнинг “Авраам Линкольн” авиаташувчи кемасига, шунингдек, Қизил денгиздаги АҚШнинг иккита эсминецига ҳужум қилди. Бу ҳақда ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сария баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳусийлар томонидан тузилган ҳаво кучлари “иккита ҳарбий операция ўтказган, биринчи бўлиб Араб денгизида бўлган Американинг Авраам Линкольн авиаташувчи кемасига ҳужум қилинган”.
“Бу америкалик душман мамлакатимизга қарши душманлик амалиётларини ўтказишга тайёрланаётган пайтда қанотли ракеталар ва учувчисиз самолётлар ёрдамида амалга оширилди”, деди Сария.
Унинг қўшимча қилишича, ҳусийлар “Қизил денгизда баллистик ракеталар ва учувчисиз самолётлар ёрдамида Американинг иккита эсминецига” ҳам ҳужум қилган.
Сариянинг сўзларига кўра, иккала операция ҳам саккиз соат давом этган ва эсминецларга қилинган ҳужумлар “мақсадларига эришган”.
Унинг таъкидлашича, ҳусийлар Вашингтон ва Лондонни “Қизил денгиз минтақасини ҳарбий кескинлик зонасига айлантиргани”, шунингдек, бу кескинлашувнинг юк ташишдаги оқибатлари учун жавобгар деб ҳисоблайди.
Ҳусийларга тегишли “Al Masirah” телеканали америкалик ҳарбийлар Ал-Бейда провинциясидаги Саумаа ҳудудида тинч аҳоли автомобилига ҳужум қилгани ҳақида хабар берган эди. Дубайдан эфирга узатиладиган “Al Arabiyа” телеканали манбасининг аниқлик киритишича, “Америка дрони ҳудудда ҳусий етакчилари бўлган машинага ҳужум қилган”. Унга кўра, Қўшма Штатлар Ал-Бейда вилоятидаги ҳусийларнинг ҳарбий объектларига ҳам ҳужум қилган.
Ғазо секторидаги можаро авж олгандан сўнг, ҳусийлар Исроилни ўққа тутиши ва Фаластин анклавидаги операция тўхтатилмагунча унга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози сувлари орқали ўтишига рухсат бермаслиги ҳақида огоҳлантирган. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери ҳусийлар Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб тинч аҳоли кемаларига ҳужум қилган.
Ҳусийларнинг ҳаракатларига жавобан Америка расмийлари халқаро коалиция тузилгани ва Қизил денгизда навигация эркинлигини таъминлаш ва кемаларни ҳимоя қилиш бўйича операция бошланганини эълон қилди. Кейинчалик Буюк Британия ва Қўшма Штатлар қуролли кучлари Яманнинг турли вилоятларидаги ҳусийларнинг ҳарбий нишонларига мунтазам зарба бера бошлади.
LiveБарчаси