Ҳукумат сўз эркинлигини чеклаб қўйган — АҚШ Ўзбекистон бўйича ҳисобот эълон қилди

Жамият 7859
image
-

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазият юзасидан 2020 йил учун ҳисобот эълон қилди. Ушбу ҳисобот АҚШ Давлат департаменти расмий веб-саҳифасида эълон қилинган

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг устувор мезони бўлмиш сўз ва матбуот эркинлигига ҳукумат томонидан қуйидаги тўсиқ ва чекловлар қўйилмоқда:

•  сўз, матбуот ва Интернет эркинлигини чеклаш, шу жумладан, рақамли ижтимоий медиа платформаларини атайлаб секинлаштириш;

•  йиғилиш ва уюшмаларга чекловлар, фуқаролик жамиятига тўсиқлар қўйиш, шу жумладан, ҳукуматни танқид қилган ҳуқуқ фаоллари, журналистларни таъқиб қилиш ва ҳибсга олиш.

Ҳисоботда Ўзбекистон Конституцияси фикрни ифода этиш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаши, бироқ ҳукумат ҳам онлайн, ҳам офлайн оммавий ахборот воситалариниг бу ҳуқуқларини чеклаб қўйгани қайд этилган.

“Ўзбекистонда қонун Президентни танқид қилишни чеклайди ва Президентни оммавий равишда ҳақорат қилиш беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланадиган жиноят ҳисобланади. Қонун диний можаро ва миллатлараро низоларни қўзғатадиган ёки конституциявий тузумга путур етказиш ёки ағдаришни тарғиб қилувчи мақолаларни нашр этишни тўғридан-тўғри тақиқлайди”, дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда, шунингдек, ўтгани йили Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек шаҳрида қўлга олиниб, Ўзбекистонга жўнатилган журналист Бобомурод Абдуллаев ҳақида ҳам сўз боради.

“[2020 йилнинг] 9 август куни Қирғизистонда Ўзбекистон томонининг илтимосига биноан ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олинди. Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси (Президентга қарши жиноят) ва 159-моддаси (Конституциявий тузумни ағдаришга уриниш) бўйича айблов эълон қилинди.

Айбловлар Абдуллаевнинг “Қора мерган” тахаллуси билан ҳукуматни коррупцияда айблаб ёзган мақолаларига асосланган. 22 август куни Қирғизистон ҳукумати Абдуллаевни мажбуран Ўзбекистонга жўнатиб юборди. У махфий маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисидаги шартномани имзолагандан сўнг, озод қилинди ва бир неча ҳафта ўтгач, расмийлар айбловларни бекор қилди”, дейилади ҳисоботда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш тугатилди. Орадан бир неча кун ўтгач Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Абдуллаевга пойтахт марказидан уч хоналик янги квартира совға қилди.

АҚШ Давлат департаментининг ҳисоботига қайтадиган бўлсак, унда хусусий ОАВ тўлиқ эркин ишламагани ва уларда нима ёритилиши давлат томонидан назорат қилингани қайд этилган. Бундан ташқари, чет эллик журналистларни аккредитациядан ўтказиш шунчаки ҳукумат қўлида матбуот эркинлигини чеклаш учун восита бўлиб хизмат қилаётгани ҳам айтилган.

“Мамлакат қонунчилигига кўра, барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўзларининг репортажларининг тўғрилиги учун жавобгар, чет эллик журналистларнинг мамлакатда расмий аккредитациясиз ишлаши тақиқланган ва хорижий оммавий ахборот воситалари миллий оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунларга бўйсунади”, дейилади ҳисоботда.

Давлат департаменти ҳисоботида ҳукумат баъзи хорижий журналистлар ва ОАВнинг мамлакатда ишлаш имкониятидан маҳрум қилиш учун аккредитация қоидаларидан фойдаланаётгани ҳам айтиб ўтилган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда BBC, “Америка Овози” ва “Eurasianet” аккредитациядан ўтиб, расман фаолият юритади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 215
Рейтинг: 2.9
t
×