Ҳукумат “Кексалар ҳафталиги”ни жорий этиш ҳақида қарор қабул қилмоқчи

Жамият 811
image

Ўзбекистонда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган. Мазкур қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Қарорга билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг:

•    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги A/RES/45/106-сон резолюцияси билан эълон қилинган 1 октябрь – “Халқаро кексалар куни”ни Ўзбекистон Республикасида ҳам ҳар йили ушбу санада кенг нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтасини “Кексалар ҳафталиги” этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи; 

•    Кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги ўрнини янада ошириш ҳамда “Кексалар ҳафталиги”ни юқори савияда ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури;

•    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 2 апрелдаги ПФ-5700-сон Фармони билан ташкил этилган “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг Намунавий низоми тасдиқланади.

Қуйидагилар “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

•    кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ва ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш;

•    маҳаллаларда ижтимоий маънавий-муҳит барқарорлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ва аҳолининг айниқса ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришда фаоллик кўрсатиш;

•    маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

•    маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашиш;

•    кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашиш;

•    маҳаллаларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари гуруҳларини шакллантириш, оммавий спорт мусобақаларига ёшларни қизиқтириш ва кенг жалб этишда фаоллик кўрсатиш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

•    вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органларида фаолият йўналишидан келиб чиқиб раҳбар ўринбосаридан бири жамоатчилик асосида кексалар масалалари бўйича масъул этиб белгиланади ва “фахрийлар кенгашлари” фаолиятини мувофиқлаштиради;

•    меҳнат жамоаларида пенсияга чиқиш арафасида бўлган меҳнат фахрийларини узоқ йиллик самарали фаолияти учун тақдирлаш ва нафақага кузатиш тадбирларини ўтказиш жорий этилади.

Республика кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан биргаликда:

•    икки ой муддатда мамлакатда кексаларнинг турмуш даражаси ҳамда сифатини ошириш мақсадида амалдаги қонунчилик ва халқаро тажрибаларни чуқур ўрганиб, бугунги кунда учраётган муаммоларни таҳлил қилган ҳолда кекса авлод вакиллари, хусусан, якка ёлғиз кексалар, меҳнат фахрийлари ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритади;

•    уч ой муддатда кексалар орасида соғлом турмуш тарзи ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни тарғиб қилиш, уларда саломатлик учун масъуллик туйғусини юксалтириш орқали инсон умрини узайтиришга кўмаклашишга қаратилган “Соғлом ва муваффақиятли кексалик” концепциясини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Халқ таълими вазирлиги, Республика кенгаши ва Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан биргаликда умумтаълим муассасаларида доимий равишда кекса авлод вакиллари, нуронийларнинг бой ва ибратли ҳаёт тажрибаси, амалий билим ва кўникмаларини ёшларга тарғиб этишга қаратилган учрашувлар, маърифий тарбия соатлари ташкил этади.

Республика кенгаши, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили “Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг энг фаол аъзоларини доимий равишда белгиланган тартибда “Меҳнат фахрийси”, “Мўътабар аёл” ва “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонларига тавсия этиб боради. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Республика кенгаши, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

•    “Кексалар маслаҳати” гуруҳларини доимий равишда ҳомийлик ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;

•    ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, эҳтиёжманд, меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли дастурлар ва йўл харитларини ишлаб чиқишда “Кексалар маслаҳати” гуруҳларнинг таклифларини инобатга олади;

•    “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурига мувофиқ кекса авлод вакилларининг республика бўйлаб тарихий шаҳарлар ва зиёратгоҳларга ташрифларини уюштиради.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 4
Рейтинг: 3.8
Будьте в курсе событий!
×
×