“Ҳукумат истамаса, биз бор”. Словакия аҳолиси Украина учун 2 млн евро йиғди 

Олам

image

Словакия аҳолиси Украина армиясида юзага келаётган қурол-яроғ танқислиги фонида Киевнинг снаряд сотиб олиши учун икки миллион евродан кўпроқ маблағ йиғди. Бу ҳақда "Meduza" хабар берди.

Қайд этилишича, аввалроқ Словакия ҳукумати Чехиянинг Киев учун маблағ йиғиш ва ўқ-дорилар етказиб бериш ташаббусини қўллаб-қувватлашдан бош тортганди.

BBC хабарига кўра, маблағ икки кундан камроқ вақт ичида йиғилган. “Ҳукумат истамаса, мана биз қиламиз” шиори остида ўтган акцияда 32 мингдан ортиқ киши иштирок этган.

Маблағ йиғишни 1944 йилда фашистларга қарши Словакия қўзғолонида қатнашган ва Холокостдан омон қолган 99 ёшли Отто Шимко бошлаган.

“Биз Путинни Украинадан ҳайдаб чиқаришимиз керак. Биз уни енгишимиз керак”, деган отахон журналистларга. 

99 ёшли Отто Шимконинг фикрича, Гитлер ва Путиннинг ўртасида деярли фарқ йўқ. 

"Иккинчи жаҳон урушидан омон қолдим. Мен бу уруш пайтида жанг қилганман. Эшитиб олинг: Гитлер билан музокара қилишнинг маъноси йўқ эди. Путин билан ҳам худди шундай”, деган у.

Чехиянинг Украинага ёрдам жамғармаси билан ҳамкорлик қилувчи “Украиналиклар учун тинчлик” ташаббуси вакили Зузанна Ижакованинг айтишича, йиғилиш ташкилотчилари уларни қўллаб-қувватловчиларнинг бу қадар кўплигидан ҳайратда қолган. 

"Бу Роберт Фицонинг ички ва ташқи сиёсатига Словакиянинг қаршилик кўрсатиш белгисидир", деган у.

Словакия Бош вазири Роберт Фицо бу ташаббуснинг муваффақияти ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган. Мамлакат Мудофаа вазири Роберт Калиниак Словакия демократик давлат ва унинг аҳолиси хоҳлаганини қила олишини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Словакия ёрдам аҳолиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг