Ҳукумат илк бор давлат дастури ижроси бўйича депутатларга ҳисобот берди
Жамият
−
18 Май 2019
4151Бугун, 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида илк бор Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Олий Мажлисга Ҳукумат ҳисоботни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этди.
Қайд этилишича, Маъмурий ислоҳотлар концепциясини изчил амалга ошириш барорида Вазирлар Маҳкамасининг ташкилий жиҳатдан қайта кўриб чиқилиб, фаолияти янги мазмун билан бойитилгани, йирик хўжалик бошқарув субъектларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилгани Ҳукумат томонидан Давлат дастурининг биринчи чорак учун белгиланган устувор вазифаларини ўз вақтида, сифатли ижро этилишини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат дастурининг бажарилишида бир қатор жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, давлат раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги Фармони билан белгиланган устувор йўналишларни сифатли, самарали амалга ошириш, ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий-ижтимоий соҳанинг бардавом ривожланишини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратиш, республика ҳудудларининг ижтимоий ривожланиш даражасини юксалтириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни кўришга устувор аҳамият берилди.
Шу давр ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларида давлат бюджетининг даромадларини шакллантириш ва харажатлари ҳамда бюджет тақчиллиги мўътадиллигини таъминлаш катта аҳамият касб этди. Мамлакатда амалга оширилган изчил ташқи савдо сиёсати туфайли экспорт ҳажми ҳамда жами ташқи савдо айланмасининг ортишига эришилди.
Қайд этилишича, Республикада инвестицияларнинг ўзлаштирилиши жадаллаштирилган. Бунда давлат раҳбари томонидан тасдиқланган Инвестиция дастури алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди. Хорижий инвестициялар иштирокида молиялаштиришнинг сезиларли ўсиши таъминланиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробарни ташкил этди.
Амалга оширилаётган бунёдкорликлар орасида аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш, уй-жой, ичимлик сув билан таъминлаш ишлари алоҳида аҳамият касб этиб, сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Ўтган даврда Ҳукумат фаолиятида ижтимоий масалалар билан шуғулланиш устувор вазифалиги таъминланиб, аҳолининг бандлиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизимини такомиллаштириш ишларига алоҳида эътибор берилди. Шу ўринда “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” ва деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқа ерларини ривожлантиришга доир дастурлар асосида иш ўринларини яратиш жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган яратувчанлик ишлари натижасида замонавий қишлоқлар (жами 478та) да 312 минг 549 хонадон қурилиб, 1,7 миллион нафар аҳолининг, шаҳарлардаги маҳаллаларда эса, 496 минг аҳолининг яшаш шароити яхшиланди. Буларнинг барчаси бир мақсадга – мамлакат тараққиёти ва аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қиляпти.
Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи депутатлар томонидан ҳар томонлама, чуқур таҳлил қилинди. Давлат дастурининг ижроси устидан амалга оширилаётган назоратнинг янада таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлаш, бунда парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
LiveБарчаси