Ҳукумат аъзолари ва вилоят ҳокимлари Сирдарёга борди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг барча вилоятлар ҳокимлари “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилишидан талафот кўрган Сирдарё вилоятига борди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати вакили маълум қилди.

Ҳокимлик вакилининг маълум қилишича, Ҳукумат аъзолари ҳам Сирдарёда бўлиб турибди.

Ҳозирда Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларида вилоятлар кўмаги билан тикланадиган хонадонлар сони шакллантирилган. Ҳар бир вилоятга имкониятидан келиб чиқиб 100 дан ортиқ хонадон бириктирилган.

Уйларни тиклаш учун жойлардан махсус поездларда юзлаб мутахассислар — ғишт терувчи, бетон қуювчи, пардозловчи ва бошқа мутахассислар Сирдарёга келтириляпти.

Хусусан, Наманган вилоятидаги 50 дан ортиқ пудратчи ташкилот 800 дан зиёд ишчи-ходимини Сирдарёга сафарбар қилмоқда. Улар сафида бетончи, пайвандчи, ғишт терувчи, бўёқчи, дурадгор ва бошқа қурилиш усталари бор. Мирзаобод туманининг Навбаҳор маҳалласида Наманган номидан 135 та хонадон қад ростлайди.

Қурувчиларни кутиб олиш, жойлаштириш ва ишга тақсимлаш билан вилоят ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарлари бошчилигидаги штаб шуғулланмоқда. 

Вилоят раҳбарлари икки кун давомида Сирдарёда бўлиши ва шундан сўнг бу ерда бажариладиган ишлар юзасидан мамлакат раҳбариятига ҳисобот бериши кўзда тутилган.

Тез орада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Сирдарёга бориши кутиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Сирдарё Сардоба сув омбори

Баҳолаганлар

295

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг