Шавкат Мирзиёев АҚШ божларининг жаҳон иқтисодиётига таъсири ҳақида гапирди

Жамият

image

Узоқ йиллар давомида давлатлар ўртасида шаклланган барқарор муносабатлар бугун самарасиз бўлиб қолган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 апрель куни ўтаётган дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг Ўзбекистон соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида гапирди. 

Ўзбекистон раҳбари сўзи аввалида глобал иқтисодий ҳолатга тўхталди.

“Ҳозирги дунё аввалгидек эмас. Гап тариф ёки уларни миқдорида ҳам эмас. Узоқ йиллар давомида давлатлар ўртасида барқарор муносабатлар ва ўзаро ишончни таъминлаган халқаро институтлар, улар ишлаб чиққан қоида ва нормалар бугун самарасиз бўлиб бораяпти”, дейди Президент.

Маълумки, АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг апрель ойи бошида бутун дунё мамлакатларига АҚШга экспорт қилинадиган товарлар учун божларни эълон қилганди. Ўзбекистон расмийлари бугунгача бу масалаларга тўхталаркан, вазиятга АҚШ номини тилга олмай, “жаҳон иқтисодиётига юзага келган вазият” дея баҳо бермоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ўтган сафар ўтказган видеоселекторда ҳам вазиятга айнан шундай таъриф берган эди. 

“Албатта, бу жараёнлар занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётини секинлашуви ва халқаро савдони камайишига олиб келиши мумкин”, дейди давлат раҳбари бугун ўтаётган видеоселекторда.

Маълумот учун, март ойи бошида Дональд Трамп Хитой импортига бож тўловларини 10 фоиздан 20 фоизга оширди, чунки “Хитой ноқонуний наркотик инқирозини юмшатиш бўйича тегишли чораларни кўра олмади”. Ўтган ҳафта охирида Трамп 180 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларга, жумладан, Хитойга янги импорт тарифларини эълон қилди. 

Пекин Америка товарларига ҳам худди шундай божлар жорий этиши ҳақида огоҳлантирган. Бунга жавобан Трамп 7 апрель куни, агар Пекин жавоб чораларини бекор қилмаса, Хитойга 9 апрелдан бошлаб қўшимча 50% импорт божлари жорий этилишини айтди. Аммо шундан сўнг, АҚШ Хитойдан олиб кириладиган маҳсулотларга 104 фоизлик импорт божи жорий этишга қарор қилди. Хитой ҳам жим тургани йўқ. Қўшма Штатлар билан савдо можаросида Хитой ҳукумати Америка импортига илгари киритилган 34 фоизлик божлардан ташқари, 50 фоизлик янги жавоб тарифларини эълон қилди ва умумий миқдорни 84 фоизга етказди. Қасдма-қасдига қилгани каби АҚШ ҳам Хитойга нисбатан бож ставкасини 125 фоизгача кўтарди. АҚШ ҳам божларни ошириб, 145 фоизга етказди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халқаро бозордаги вазият ўзгариши муносабати билан шошилинч йиғилиш ўтказганди. У 14 апрель куни Чимкент шаҳри жамоатчилиги билан бўлиб ўтган учрашувда глобал савдо урушини бошлаш режалари туфайли дунёда мураккаб вазият юзага келаётгани, савдо уруши қуролли тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкинлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев бож савдо уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг