Ҳозир Марказий Осиё ҳамма нарсанинг марказида – Боррель
Олам
−
30 Январь
12384Европа Иттифоқи Ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррель Марказий Осиё давлатлари ЕИнинг асосий ҳамкорига айланиб бораётганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 29 январь куни Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларига бағишланган Global Gateway инвесторлар форумида сўз очди.
“Ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда Марказий Осиё Европа Иттифоқининг асосий ҳамкорига айланмоқда. Мен бундан тўрт йил олдин, Брюсселда иш бошлаганимда, Марказий Осиё бироз четда эди. Ҳозир эса сиз барча ҳаракатлар марказидасиз”, дейди Боррель.
Унинг қайд этишича, ЕИ учун ўз тамойилларини ҳимоя қилиши, шунингдек, Россияга қарши санкцияларнинг самара бериши жуда муҳим. Шунинг учун ЕИ Россиянинг санкцияларни четлаб ўтиш механизмини тушунишга ҳаракат қилмоқда.
"Санкциялар самарали бўлиши учун биз шерикларимиз билан тўлиқ ҳамкорликка муҳтожмиз. Биз Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз ва Россия ўртасидаги савдони диққат билан кузатиб борамиз, қандай механизмлар санкцияларни четлаб ўтишимизга имкон бераётганини таҳлил қиламиз", дейди у.
Шунингдек, Боррель Европа Иттифоқи томонидан Марказий Осиёга таклиф этилаётган сармоялар “умумий қадриятларни ҳимоя қилишга қаратилган сиёсий мақсадларга” эга эканини айтди.
"Бизга глобал муаммоларга жавоб бериш учун янада яқинроқ ҳамкорлик керак. Ҳа, биз минтақавий инфратузилмани ривожлантиришимиз керак, транспорт алоқаларини ривожлантиришимиз керак, аммо бу вазифаларнинг барчаси сиёсий мақсадни кўзлайди – умумий қадриятларни ҳимоя қилиш орқали шериклигимизни мустаҳкамлаш ва келажагимизни таъминлаш”, дейди Боррель.
Бундан ташқари, Боррель жорий йилда Ўзбекистонда Европа Иттофоқи-Марказий Осиё саммити бўлиб ўтиши ва ундан яхши натижалар кутаётганини қайд этди.
Маълумот учун, 29-30 январь кунлари Брюсселда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларига бағишланган форум бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирок этди.