Ҳозир энг оқилона иш – Истанбулни бутунлай тарк этиш – сейсмолог

Олам

image
Истанбулда 4 млн аҳоли зилзила сабаб ўлимга юзланиб турибди – сейсмолог north_east

Истанбулда 4 млн аҳоли зилзила сабаб ўлимга юзланиб турибди – сейсмолог

Бугун, 23 апрель куни Мармар денгизида рўй берган ва Истанбулда 6,2 магнитудали зилзилани келтириб чиқарган ер силкиниши ортидан туркиялик сейсмолог олим, профессор Жалол Шенгўр Истанбулни тарк этишга чақирмоқда. Бу ҳақда у зилзиладан сўнг берган баёнотида сўз очди.

“Истанбул тўғридан тўғри хавф марказида. Йиллардир керакли чоралар кўрилмади. Энди вақт қолмади. Ҳозир қилинадиган энг оқилона иш – Истанбулдан бутунлай кўчиб кетишдир”, деди у.

Унинг фикрича, бу шаҳарга саёҳат қилиш ҳам ҳозирда ниҳоятда хавфли. Шенгўр зилзила, айниқса, Истанбулдаги эски иншоотларга катта хавф солаётганини алоҳида қайд этган.

“Бу бинолар эҳтимолий кучли зилзилада оғир оқибатларга олиб келиши мумкин”, деди у.

Мутахассислар эса фуқароларга зилзила сумкасини тайёрлаб қўйиш ва фавқулодда вазиятлар режасини кўздан кечириш зарурлигини эслатмоқда.

Туркия ФВВ ҳузуридаги Фалокат ва фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармаси (AFAD) зилзила оқибатида инсон вафоти билан боғлиқ талафот кузатилмаганини, бироқ айрим ҳудудлардаги биноларда зарар етганини маълум қилди. Қандилли обсерваторияси эса силкинишлар яна бир муддат давом этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Маълумот учун, сўнгги йилларда Туркияда бир неча бор катта талафотлар ва қурбонларга сабаб бўлган зилзилалар юз берди. Сейсмологларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги икки йил ичида Туркияда 70 мингдан ортиқ ер силкиниши қайд этилган.

Бундан ташқари, маҳаллий мутахассисларнинг фикрича, Анталия курортлари ва у ерга борадиган сайёҳлар ҳам хавф остида. Улар бу орқали ҳукуматни яқинлашиб келаётган зилзила хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда.

Масалан, машҳур зилзила башоратчиси, турк геология профессори Наси Гўрюр ҳам тегишли баёнот берди.

“Анталияда 7 балл кучига тенг зилзила содир бўлади – бу деярли муқаррар. Анталия ҳудудида жойлашган тўртта муҳим геологик ёриқ тизими мавжуд. Уларнинг ҳар бири 7 балл ва ундан кучли зилзилаларни юзага келтира олади. Шаҳар сейсмик барқарор бўлиши шарт”, деган у.

Яна бир зилзила бўйича мутахассис Ботирхон Ўғют эса Анталияда цунамининг ҳам юз беришини башорат қилди. У 7,4 балл кучидаги зилзила ҳақида гапириб, бу ҳолда 2,5 метр баландликдаги цунами тўлқини Коньяалта пляжига урилиши мумкин, дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳодиса “исталган вақтда ёки келгуси 10 йил ичида” содир бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Истанбул шаҳрида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу зилзила пайтида 151 киши қўрқув сабаб баландликдан сакраган ҳолда тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида жабрланганлар ҳақида маълумот мавжуд эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия зилзила Мармар денгизи Жалол Шенгўр сейсмолог

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг