Ҳозир ҳеч ким безовта қилгани йўқ – Ҳасанбой Дўсматов
Интервью
−
19 Октябрь 2021
10162Бокс бўйича Олимпия ўйинлари ва Осиё чемпионати ғолиби, Жаҳон чемпионати финалчиси Ҳасанбой Дўсматов жорий йилги дунё биринчилиги олдидан ўзининг имкониятлари, Куба терма жамоаси ва режалари ҳақида гапирди.
“2019 йилдан буён ҳаваскор боксда жанг қилмадим. 3 ойдан буён машғулотлар олиб боряпман ва яна аввалги спорт формамни тиклаб олдим. 2017 йилги Жаҳон чемпионати финалида мағлуб бўлгандим. Ўйлашимча, ҳозир ундан кўра яхшироқ ҳолатдаман. Чунки, Олимпия ўйинларидан сўнг, телевидениедаги кўрсатувлар, турли хил тадбирлар сабабли машғулотларга етарлича эътибор қарата олмагандим. Шукрки, ҳозир ҳеч ким безовта қилгани йўқ. Бунга ўзим ҳам қаршилик қилдим ва шу муҳит ўз устимда ишлашим учун маъқулроқ. Кун тартибимиз режадагидек ўтмоқда, насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлади”, дейди Дўсматов.
Шунингдек, 28 ёшли боксчи ғолибликка асосий даъвогарлардан ҳисобланган Куба терма жамоаси ҳақида фикр билдирди:
“Жаҳон чемпионати олдидан сўнгги машғулотларимиз Куба терма жамоаси билан ўтмоқда. Рақибларимизни синчковлик билан ўрганяпмиз. Ҳар икки жамоа боксчилари бор кучиини кўрсатяпти, деб айта олмайман. Лекин кучли рақиб билан жанг қилиш доимо фойдага ишлайди”.
Дўсматов профессионал ва ҳаваскор боксдаги фаолияти ҳамда олдиндаги режаларини маълум қилди.
“Ҳаваскор ва профессионал бокс ўртасида фарқ жуда катта. Қўлқоплардан тортиб, ишлаш темпимизда ҳам тафовут сезилади. Проф боксдаги услубларнинг баъзилари ҳаваскорда иш бериши мумкин. Жаҳон чемпионатидан кейин Париж Олимпиадаси бор, агар вазн тоифам дастурдан чиқариб ташланмаса ва спорт формамни ушлаб қола олсам, албатта, унда иштирок этаман. Тўғрисини айтсам, 2017 йилги Жаҳон чемпионатида кумуш медаль олгандим. Бу сафар фақат ва фақат олтин учун ҳаракат қиламан, бошқа натижа мени қониқтирмайди. Аввало, барчаси Яратгандан, ҳаракатдан тўхтамайман”, дейди андижонлик боксчи.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бокс терма жамоаси катта мураббийи Тўлқин Қиличев Баҳодир Жалоловнинг Жаҳон чемпионатида иштирок этмаётгани, Куба терма жамоаси билан ўтказилаётган машғулотлар, Ҳасанбой Дўсматов ва Шаҳрам Ғиёсовнинг таркибга жалб қилиниши ҳамда ҳакамлик масалалари ҳақида айтиб ўтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь