Ҳормуздан ўтмоқчи бўлган кемаларни Эрон ўққа тутди
Олам
−
09:48 5518 2 дақиқа
Ҳормуз бўғози орқали ўтишни режалаштирган қарийб 20 та кема Эрон томонидан ҳарбий назорат тиклангани эълон қилингач, орқага – Уммон томонга бурилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.
Эрон ҳарбийлари Ҳормуз бўғози “аввалги ҳолатига қайтгани”ни билдирган, шу сабабли кемалар сув ҳудудига кириш жойида ортга қайтишга мажбур бўлмоқда. Аввалроқ, Буюк Британия Уммон яқинида бир танкер ўққа тутилгани ҳақида хабар берган.
Нашрнинг ёзишича, кемалар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси радио орқали бўғоз ёпилгани ҳақида огоҳлантирганидан кейин ортга қайтган. Маълум қилинишича, бу кемаларнинг ҳар бири бўғоздан ўтиш учун аввал Эрон ҳарбийларига 2 миллион доллардан тўлашга рози бўлган.
Теҳроннинг бу қарори АҚШ 13 апрель куни, Эрон билан музокаралар муваффақиятсиз якунлангач, жорий этган денгиз блокадасига жавоб бўлган. Ўшанда АҚШ Эрон билан боғлиқ бўлмаган кемалар, агар улар Теҳронга тўлов қилмаган бўлса, бўғоздан эркин ўтиши мумкинлигини билдирган. Бироқ Эрон бу ҳаракатларни “денгиздаги қароқчилик” деб баҳолаб, 18 апрель куни ҳарбий назорат режимини қайта тиклаган.
Шундан сўнг камида икки савдо кемаси Ҳормуз бўғозидан ўтишга уринган пайтда ўққа тутилгани ҳақида маълум қилинган.
“Reuters” агентлигига кўра, Буюк Британиянинг денгиз савдо операциялари бошқармаси Уммоннинг шимоли-шарқидан тахминан 37 километр узоқликда танкер билан боғлиқ ҳодиса ҳақида хабар олган.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф бундан аввал АҚШ блокадаси давом этса, Ҳормуз бўғози очиқ қолмаслигини, кемалар фақат “белгиланган йўналиш” ва “Эрон рухсати” билан ўта олишини огоҳлантирган эди. Эронда тасдиқланишича, бўғоздан фақат савдо кемаларига ҳаракатланишга рухсат берилади ва бу ҳам бож тўлангандан кейин амалга оширилади.
Маълумот учун, Ҳормуз бўғози орқали дунёдаги нефть, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган газ етказиб беришнинг қарийб 20 фоизи ўтади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 апрель куни Эрон АҚШ томонидан давом этаётган денгиз блокадаси сабаб Ҳормуз бўғози яна ёпилганини маълум қилганди.
Live
Барчаси