Ҳоланд Роналдунинг рекордини янгилаши мумкин
Спорт
−
28 Сентябрь 14437 2 дақиқа
“Манчестер Сити”нинг норвегиялик ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд Криштиану Роналдунинг Европа Чемпионлар Лигаси тарихидаги рекордини янгилаши мумкин. Бу ҳақда Шотландия терма жамоаси собиқ футболчиси Алли Маккойст ўз интервьюсида айтиб ўтди.
Ҳоланд клуб сафида 2025-26 йилги мавсумни ажойиб тарзда бошлади. У жорий мавсумда “Тоттенҳем”га қарши ўйиндан ташқари барча ўйинларда гол урди ва ҳозиргача барча мусобақаларда 7 ўйинда 9 та гол киритди.
Кеча, 27 сентябрь куни бўлиб ўтган ўйинда “Манчестер Сити” ўз майдонида “Бернли”ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Ҳоланд ушбу ўйинда икки гол ва битта голли узатмани амалга оширди. У 2024-25 йилги жароҳатли мавсумдан сўнг, Пеп Гвардиоланинг бироз омадсиз мавсумни ўтказган жамоасига кучли формада қайтди.
Шотландия терма жамоаси собиқ футболчиси Алли Маккойст Ҳоланд ҳақида шундай деди:
“Эрлинг Ҳоланд Криштиану Роналдунинг Чемпионлар Лигасидаги рекордини янгилаши ҳақида гапириш ўзи ғалати. Мен бу рекорд ҳеч қачон янгиланмайди деб ўйлагандим. Лекин у жароҳат олмаса, бу рекордни ҳам, бошқа кўп рекордларни ҳам янгилаши мумкин. Менимча, Алан Ширер ҳам ҳозир Ҳоланднинг бошқа чемпионатга, масалан “Барселона” ёки “Реал Мадрид”га ўтишини хоҳлайди. Аланни яхши биламан, у жуда яхши йигит, лекин у ҳам ўз рекордига хавф солинаётганини кўриб турибди. Яъни, агар бу йигит яхши юрса, Шерарнинг ҳам рекордини янгилаб ташлайди”, дейди у.
Шунингдек, Маккойст “Манчестер Сити”нинг ҳозирда бироз сусайгани ва ҳимояланиб ўйнаётганини айтиб, бу услуб Ҳоландга қўл келаётганини таъкидлаган.
“Энди шундай ҳолат бўляптики, “Сити” баъзида рақиблар учун аввалгидек қўрқинчли туюлмаяпти, рақиблар уларга қарши ҳужумкорроқ ўйнай бошламоқда ва бу Ҳоландга қўл келяпти. Рақиблар “Сити”га қарши аввалгидек ёпиқ ўйнамаслиги мумкин, бу эса, албатта, Ҳоланднинг фойдасига ишлайди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони чемпионатининг 2024/2025 мавсумида энг яхши тўпурар сифатида португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду “Ал-Наср” таркибида “Олтин бутса” мукофотига сазовор бўлганди.
Нодир Шукуров