Ҳокимлик Навоийдаги “снос” можаросига муносабат билдирди?
Таҳлил
−
13 Январь 2020
7233Жорий йилнинг 8 январь куни Навоий вилоятида яшовчи 10 мингдан ортиқ аҳоли “снос” ишлари сабаб кўчирилаётгани ҳақида хабар бергандик. Ҳолат юзасидан Навоий вилоят ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Унда шундай дейилади:
“Ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳридаги "Ҳосил" боғдорчилик-узумчилик ширкатига қарашли дала ҳовлилари ҳудудида истиқомат қилаётган бир гуруҳ аҳоли томонидан ўзлари яшаб турган турар-жойлари бузилишидан норозиликлари акс этган турли хабарлар тарқалди.
Дарҳақиқат, ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан кўп йиллардан буён дала ҳовлиларини доимий турар жойларга (уй сифатида) айлантириш масаласида йиллар давомида Республика даражасидаги турли давлат идораларга мурожаатлар қилиб келинган.
Аҳолининг юқоридаги мазмундаги мавжуд муаммо ва мурожаатлари Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов ҳамда тегишли масъул ва мутасадди раҳбарлар иштирокида яна бир бор муҳокама қилинди ҳамда зарур тушунтиришлар берилди.
Ҳақиқатан ҳам, айни пайтда "Ҳосил" боғдорчилик-узумчилик ширкатига қарашли дала ҳовлилари 101,82 гектарни эгаллаган бўлиб, 23 та кўча, 1575 та дала ҳовлиларидан ташкил топган.
Бироқ ўтган йиллар давомида бу ҳудудда аҳоли томонидан яшаш бинолари лойиҳасиз қурилиши оқибатида кўчалар тор, бинолар жойлашуви бўйича санитария, архитектура ва шаҳарсозлик талабларига зид ҳолат юзага келган.
Бундан ташқари, дала ҳовлиларни доимий турар жойларга айлантириш масаласи бир неча маротаба республика даражасида кўриб чиқилган бўлиб, уларни доимий турар-жой тоифасига айлантириш мумкин эмаслиги тўғрисида хулосага келинган.
Жумладан:
1.Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази хулосасига кўра “Ўзбекистон аҳоли яшаш пунктларини лойиҳалаштириш ва қуриш санитария қоида ва меъёрлари” номли 0227-07-сонли СанҚваМ талабларига, аҳоли уйлари сифатида “Ўзбекистон иқлим шароитларида яшаш уйларини лойиҳалаш, ташкил этиш ва сақлаш санитария қоида ва меъёрлари” номли 0331-16-сонли санитария қоидаларига ва меъёрлари талабларига мувофиқ эмас, деб топилган.
2.Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мазкур ҳудудда аҳоли хонадонларига кириб чиқиш белгиланган меъёр талабларига жавоб бермаслиги, фавқулодда вазиятлар ва авария ҳолатларида эвакуация қилиш имконияти чекланганлиги, хонадонларнинг аксарияти авария ҳолатига келиб қолганлиги, коммуникация тизимлари (сув, газ) бинолар остида қолиб кетганлиги, фойдаланиладиган табиий газ ва электр энергияни сарфлаш қоидалари бузилаётгани, бино ва иншоотларнинг қурилиши белгиланган талаб ва қоидаларга зид эканлиги белгилаб берилган.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атрофни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкати шаҳарнинг саноат зонасида жойлашган ҳамда Навоий кон металлургия комбинатига қарашли “1-гидрометаллургия” ва “Навоий машинасозлик заводи” корхоналари томонидан атмосфера ҳавосига ташланадиган ҳавони ифлослантирувчи моддалар чиқаришга рухсат этилган ва хавфлилик даражаси юқори бўлган объектларнинг санитар ҳимоя зоналарига кирувчи қисмида аҳолининг доимий яшаши мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.
4. “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонаси томонидан “Ҳосил” боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудидаги 65 фоиз дала ҳовлилар санитар ҳимоя зонасида жойлашганлиги, мавжуд кўчаларнинг кенглиги ёнғин хавфсизлиги, санитирия ва техник меъёрларга жавоб бермаслиги, ҳудудда ижтимоий соҳа (мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ва бошқа инфратузилма) объектлари мавжуд эмаслиги, биноларнинг аксарияти хом ғишт ва пахсадан қурилганлиги ва бошқа талаб ҳамда меъёрларга жавоб бермаслигини инобат олиб, мазкур ҳудуддаги дала ҳовли тоифасини доимий турар жой тоифасига ўзгартириш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида тегишли хулоса берилган.
Бундан ташқари, Давлат геология ва минерал ресурслар Қўмитаси Марказий Ўзбекистон” геологик тасвирлаш экспедицияси давлат корхонаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа тегишли вазирлик ҳамда идораларнинг хулосасига кўра мазкур ҳудудни доимий турар-жой тоифасига айлантириш мумкин эмаслиги тўғрисида тегишли хулосаларга келинган.
Бугунги кунда мазкур дала ҳовлилар бино ва иншоотларнинг аксариятига, доимий яшаш учун уй-жой сифатида эмас, балки дала ҳовли тарзида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган бўлиб, мулк сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.
Салкам 30 йилдан бери йиғилиб келаётган юқоридаги каби объектив ҳамда субъектив омиллар бугунги кунга келиб аҳолининг турли жиддий эътирозларига сабаб бўлиб келаётганлигини инобатга олиб, Навоий вилояти ҳокимлиги мавжуд ҳолатни тубдан яхшилаш, аҳолига қулай шарт-шароит ва бошқа қулай инфратузилма объектларини яратиш мақсадида айнан мазкур ҳудудга оид масалани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этди.
2019 йил 14 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг СҚ-563-III-сон қарори вилоят ҳудудларини комплекс ривожлантириш самарадорлигини ошириш ва бу жараёнга маҳаллий вакиллик органлари салоҳиятини тўлиқ жалб этишга қаратилган бўлиб, унда Навоий шаҳридаги "Ҳосил" боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолига ҳам янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадлари ифода этилган.
Ҳақиқатан ҳам, ушбу қарорнинг 3-бандида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда махсус комиссия тузган ҳолда ва унинг хулосалари асосида "Ҳосил" боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолини бошқа жойга кўчириш масаласини ҳал этиш белгиланган.
Бундан ташқари, Сенат қарорида "Ҳосил" боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолини бошқа жойга кўчириш масаласи республика даражасидаги вазирлик ва идоралар томонидан холисона ўрганиб чиқилиши ва масаланинг ечими тегишли тартибда ижобий ҳал этилиши назарда тутилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5491-сон фармойиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 911-сон қарорида фуқароларнинг мулк ҳуқуқи дахлсизлиги белгилаб қўйилган.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга оширилиши белгиланган.
Ҳолбуки, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият қуришнинг мустаҳкам пойдевори қўйилган бўлиб, инсон омили бош мезон сифатида давлатимиз тараққиётининг муҳим шартларидан биридир. Шундай экан, амалга ошириладиган барча ислоҳотлар халқ манфаатлари ва қарашларига ҳамоҳанг тарзда олиб борилади.
Хусусан, Навоий шаҳридаги "Ҳосил" боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудида истиқомат қилаётган ва мулк эгалари бўлган фуқароларнинг ҳар қандай эътирозлари тегишли манфаатдор ва масъул раҳбарлар томонидан чуқур ва атрофлича ўрганилиб, аҳоли манфаатларига мос тарзда ижобий ҳал этилади.
Шунинг учун барча ҳамюртларимиз бирёқлама, тўлақонли далилларга асосланмаган ҳар қандай маълумотлардан ортиқча саросимага тушмасликлари, мавжуд ҳолатга, юзага келадиган ҳар бир муаммоларга онгли равишда, босиқлик ва холисона ёндашишлари мақсадга мувофиқ бўларди”.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжатга биноан Навоий вилоятида “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасига қарашли очиқ конлар билан чегарадош бўлган Учқудуқ туманидаги “Кокпатас”, Зарафшон шаҳри яқинидаги “Мурунтау” овулидаги қарийб 1000 та хонадон, шунингдек Навоий шаҳридаги саноат зонасида жойлашган ширкат ҳудудидаги 2500 дан ортиқ дала ҳовлиларда доимий истиқомат қилиб келаётган 10 мингдан ортиқ аҳоли бошқа жойга кўчирилиши кутилмоқда.
LiveБарчаси