Навоийда ҳокимликка “снос” масаласида юзлаб одамлар йиғилди (видео)
Жамият
−
11 Январь 2020
22057Ёдингизда бўлса, Навоий вилоятида “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасига қарашли очиқ конлар билан чегарадош бўлган Учқудуқ туманидаги “Кокпатас”, Зарафшон шаҳри яқинидаги “Мурунтау” овулидаги қарийб 1000та хонадон, шунингдек Навоий шаҳридаги саноат зонасида жойлашган ширкат ҳудудидаги 2500дан ортиқ дала ҳовлиларда доимий истиқомат қилиб келаётган 10 мингдан ортиқ аҳоли бошқа жойга кўчирилиши ҳақида хабар бергандик.
Бу масалада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2019 йилнинг 14 декабрь кунида СҚ-563-III сонли қарорни қабул қилгани ва қарор юзасидан Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ депутатлари Кенгаши ва бошқа ташкилотларга бир қатор вазифалар юклатилгани ҳақида айтилганди.
Маълумотларга кўра, бугун, 11 январь куни Навоий вилоят ҳокимлиги биноси ёнига мазкур ҳудудларда яшовчи юзлаб фуқаролар тўпланган. Уларнинг аксарияти ўзлари яшаётган мулклар бузилишига норозилик билдирмоқда.
“Яқинда бузилишлар ҳақида эшитдик. Биз бир хонадонда фарзандларим билан бешта оила яшаймиз.Уйимизни бузиб кўчиришса, битта уй бериб қутилади. Фарзандларим, невараларим келажаги нима бўлади? Бир нечта ташкилотларга бордим. Биз яшайдиган ҳудудни санитария зонаси деб айтади. Лекин қўлида бирор ҳужжати йўқ. Ўша Сенатда ўтирадиганларнинг ўзи шахсан келиб вазиятимизни ҳали ўрганишмади. Қандай қарор чиқаришган, биз тушунмадик. Минглаб инсонларни қўчириш оддий иш эмас”, дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири
Мазкур ҳолат юзасидан QALAMPIR.UZ таҳририяти Навоий вилоят ҳокимлиги Матбуот хизматидан изоҳ олди.
Унга кўра, вилоят ҳокимлиги ёнига чиндан ҳам юзлаб фуқаролар йиғилган. Вилоят ҳокими Қобул Турсунов йиғилганлар билан шахсан учрашган. Бу масалада фуқаролар ваҳимага тушмаслиги, ҳозир бу масала жиддий муҳокама қилинаётгани, етарли ечимлар кўрсатилсагина жараён бошланиши, у узоқ вақт давом этишини тушунтирган.
Шунингдек, ҳар бир хонадоннинг кўчирилиши масаласи алоҳида тартибда кўрилиши, республикадан масъул ишчи гуруҳ тузилиши, компенсация ва бошқа масалалар (кўчиб борадиган ҳудудида мактаб, боғча ва бошқа шароитлар етарли бўлиши) ижобий ҳал қилинганидан сўнг кўчириш жараёни бошланиши, унгача фуқаролардан масалага босиқлик билан ёндашиш лозимлиги сўралган.
Матбуот хизмати хабарига кўра, Сенатнинг СҚ-563-III сонли қарори асосида халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши, ҳокимлик ва бошқа мутасаддилар 2020 йилнинг 1 июнига қадар мазкур масалани ижобий ҳал этиши керак.
“Барчанинг уйи бирданига бузиб ташланмайди. Бу қонунан ҳам мумкин эмас. Барча қонуний чоралар кўрилгач, бу жараён бошланади. Бу бир неча ойга ҳам чўзилиши мумкин”, дейди Матбуот хизмати раҳбари Дилшод Мамаражабов.
LiveБарчаси