Ҳокимларни халқ сайлайдиган тартиб ўрнатиш таклиф қилинди
Жамият
−
27 Март 2020
7821Ўзбекистонда ҳокимларни халқ сайлайдиган тартиб ўрнатиш таклиф этиляпти. Бу ҳақда “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган “Ҳокимларни халқ томонидан сайлаш амалиётини жорий этиш ҳақида”ги петицияда қайд этилган.
Унда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш давлат хизматчиларининг фидоийлиги, шижоати, билими ва халқ билан ишлай олиш кўникмасига боғлиқ экани таъкидланган.
“Бу борада, айниқса, туман ҳокимларининг масъулияти ва мажбуриятлари жуда юқори. Шу сабабли, шаҳар ва туман ҳокимларини халқ томонидан сайлаш амалиётини тезроқ жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Ижтимоий тармоқлардан маълумки, ҳозирда кўплаб ҳокимларга нисбатан аҳолининг норозилик кайфияти мавжуд. Шу туфайли, ҳудудларда аҳолини бошқарадиган ҳокимларни халқнинг ўзи танлаши ва сайлаш амалиётини жорий этиш зарур. Шундагина ҳокимларимиз халқ дардини эшитади, у билан бирга ишлайди”, дейилган петицияда.
Қайд этилишича, ҳар бир туман ёки шаҳардан белгиланган миқдорда номзод танлаб, уларнинг энг маъқулини сайлов ўтказиш йўли билан сайлаш керак. Сайланган ҳоким ишини баҳолашни эса яна ўша халқ зиммасида қолдириш мақсадга мувофиқ. Бу борада алоҳида қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш зарур.
“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳокимларни халқ томонидан сайлаш амалиётини жорий этишни таклиф қиламиз”, дейилади петицияда.
LiveБарчаси