Ҳокимлар эмас, биз айбдормиз – Экоқўмита раиси ўринбосари ноқонуний ер ажратиш ҳақида
Жамият
−
27 Ноябрь 2021
6352Ўзбекистонда ер ресурслари ноқонуний тарзда бериб юборилишига ҳокимлар эмас, аксинча Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси айбдор. Бу ҳақда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов кеча, 26 ноябрь куни матбуот анжуманида маълум қилди.
Анжуманда QALAMPIR.UZ мухбири ер ҳокимлар қарорисиз ажратилмаслигини айтиб, ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланаётган бўлишига қарамай, нега бирорта ҳоким жазоланмагани ҳақида масъулларга савол йўллаган.
Бунга жавобан Исломбек Боқижонов ҳокимлар қарор чиқаришдан олдин Экология қўмитасининг ҳудудий бўлимидан рухсат сўрашини, хатолик ўтса, бу ҳокимларнинг айби эмаслигини таъкидлади.
“Аввало ҳоким қарор чиқаришидан олдин биздан рухсат сўрайди. Бизнинг экологик хулосамиз бўлмаса, ҳоким қарор чиқармайди. Демак, биз хато қилиб қўйсак, ҳоким айбдор ҳисобланмайди. Айбдор биз бўламиз. Шунинг учун аввало биз, яъни экология хато қилмаслигимиз керак. Республика бўйича 1875 та лицензияга эга қум карьер, тупроқ карьер, кон ва бошқалар мавжуд. Ўтган ой 100 та лицензияли ҳудудларни текширганимизда, 48 тасини бекор қилдик. Бунинг 11 таси Қорақалпоғистонга, 8 таси Жиззах вилоятига, 3 таси Самарқанд вилоятига тўғри келади. Лицензия беришнинг ўз тартиби бор”, дейди Боқижонов.
У сўзида давом этиб, “Хавфсиз дарё” ДУК қайсидир ҳудудни карьер ёки геологик мақсадда фойдаланишга беришидан олдин Экология қўмитаси билан келишишини таъкидлади.
“Яқинда бизга жўнатилган 29 та келишув қоғозини жўнатган ҳудуд нуқталарини текширганимизда 29 тадан 16 тасига рухсат берилди. Қолганлари рад этилди. Нима сабабдан рад этилади? Илгари инспекторларга ишонганмиз, уларнинг имзоси билан ўтказганмиз. Ҳозир ҳудуднинг инспекторлари ва бошқарма бошлиғининг ўзи бориб, ўша жойни ўз кўзи билан кўради. Ҳақиқатдан тош, қум, тупроқ борми? Қонунийми ёки ноқонунийми? Олса бўладими?, “Бўлади”, деб имзо қўйганидан кейин биз ўтказяпмиз. Шунинг ҳисобига 16 таси ўтди, қолгани рад этилди. Энг кўп жарима солинган ҳудуд Жиззах вилоятига тўғри келади – 439 та. Жарима суммаси 751 миллион. Самарқанд вилоятида 335 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 825 миллион жарима белгиланган. Шунинг учун, ўзимиз сабабли бўлгани учун, биз ўзимиз унинг жаримасини қўллаяпмиз”, дейди Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари.
Исломбек Боқижонов ўз нутқи давомида ноқонуний фойдаланишга топширилган ер масаласида ҳокимларга қандай чоралар кўрилиши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтди.
“Биз ҳокимларга фақат мажбурий кўрсатма ёки талабнома беришимиз мумкин. Адашмасам, Республика бўйича 198 тадан кўпроқ мансабдор шахсларга талабнома берилган. Бу ҳамма вилоятда берилади. Қарор ҳокимнинг олдига кирганида экология, СЭС, ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги ва бошқалардан хулоса бўлади. Охирги хулосадан сўнг, ҳоким қўл қўяди. Ҳозир ерни ажратиш ҳам ҳокимнинг қўлида эмас. Танлов, электрон аукцион бўлиб кетди. Ер аукционга қўйилишидан олдин биздан хулоса олинса қўйилади, олинмаса аукционга қўйилмайди”, дейди у.
LiveБарчаси