Ҳоким ўринбосарининг хайрия пулларини “растрата” қилиши. Воқеа тафсилоти
Жамият
−
19 Май 2020
14576Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари М.А. ва туман “Маҳалла“ хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Н. тумандаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Маҳалла“ хайрия жамоат фондига ҳамда 2020 йилда “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 млн сўмни талон-тарож қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикасининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди. Унга кўра, мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилган ва қуйидагилар аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги 213-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, фонднинг ҳудудий бўлинмалари, хусусан, “Маҳалла” фонди Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил этилган. Шунга кўра, жорий йилнинг 23 апрель куни ОАТБ “Микрокредитбанк” Оққўрғон филиалида “Маҳалла” фондининг Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасининг махсус ҳисоб рақами очилган.
Жамғармага келиб тушаётган ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳақидаги кунлик маълумотлар “Маҳалла” фонди Тошкент вилояти бўлим бошқарувига тақдим этиб борилган.
Жамғармага келиб тушган хайрия маблағларининг сарфланишига доир тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланишича, халқ депутатлари Оққўрғон тумани кенгашининг 2020 йил 27 апрелдаги VI/VII-II-сонли Қарорининг 5-бандига кўра, Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Алишевга жамғармада шаклланган маблағлардан мақсадли фойдаланиш мақсадида тумандаги деҳқон бозорларидан озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи бозор нархларида харид қилиш учун жамғарманинг банкдаги ҳисоб рақамидаги маблағларни нақд пул кўринишида олишга рухсат берилиши белгиланган.
Шунингдек, туман кенгаши қарорининг 6-бандида ОАТБ “Микрокредитбанк” Оққўрғон тумани филиали бошқарувчиси А.Хамроевга жамғармада шаклланган маблағлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан тумандаги деҳқон бозорларидан озиқ-овқат маҳсулотларини улгуржи бозор нархларида харид қилиш учун жамғарманинг банкдаги ҳисоб рақамидаги пул маблағларини нақд пул кўринишида тақдим қилишни таъминлаш вазифаси юклатилган.
Ўрганиш жараёнида хабарларда тилган олинган, муқаддам фонднинг Оққўрғон тумани бўлинмаси катта бухгалтери лавозимида ишлаган фуқаро —Бобур Зайирович Ниёзов, “Маҳалла” фонди Тошкент вилояти бўлимининг 2020 йил 3 январдаги 01-к-сонли буйруғига асосан лавозимидан озод этилганлиги аниқланди.
Оққўрғон тумани ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Алишев муқаддам Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Оққўрғон тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – “Маҳалла” фондининг тумани бўлинмаси раиси лавозимида ишлаган.
Аммо шу вақтга қадар ОАТБ “Микрокредитбанк” Оққўрғон филиали мутасаддилари томонидан М.Алишев ва Б.Ниёзовнинг тўлов топшириқномасига имзо қўйиш ҳуқуқини бекор қилиш ёки имзо учун банд солиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилмаган. Бунинг натижасида “Маҳалла” фондининг Оққўрғон тумани бўлинмаси ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган ҳомийлик ва хайрия маблағларининг муайян қисми мақсадсиз сарф этилишига йўл қўйилган. Етказилган моддий зарар М.Алишев томонидан тўлиқ қопланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Тошкент вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, кеча, 18 май куни мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Молия вазирлигига 02-06/73-сонли мурожаат хати юборилиб, унга кўра “Саховат ва кўмак” жамғармаси Низомининг 14-бандига асосан жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилишини назоратга олинишида амалий ёрдам сўралди.
“Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ушбу салбий ҳолатни ҳамда кенг жамоатчилик ва бутун халқимиз томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида йўналтирилган хайрия маблағларининг бемақсад ишлатилишини кескин қоралайди”, дейилада вазирлик баёнотида.
LiveБарчаси