Ҳижобга қаршилик кун тартибига чиқди. Эрдўған жавоб қайтарди

Олам 28742
image

Туркияда ҳижоб ўраш масаласи кун тартибига чиқди. Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) вакили, собиқ Маданият вазири Фикри Сағлар “Халқ” телеканалидаги чиқиши давомида ҳижобга қарши курашиш ҳақида гапирди. 

“Тюрбан – реакцион (бу ижтимоий тараққиётга қаршилик – таҳр.), шариат истаганларнинг  “униформа”сидир. Рўмол эса Онадолуда асрлар ошиб келган миллий кийим саналади. Иккисининг ўртасида жуда катта фарқ бор. Мен гумондор сифатида судга жалб қилинганимда ва тюрбанли судьянинг қаршисига чиққанимда, у менинг ҳуқуқларимни ҳимоя қилиши ва адолат ўрнатишига шубҳа қиламан”, дейди собиқ вазир телевидениедаги чиқишида. 

Мухолифат партия вакилининг сўзлари мамлакат жамоатчилигидан тортиб, сиёсий элитаси орасида кун тартибига чиқди. Боиси, ҳижоб Туркияда кўп йиллардан буён сиёсий масала сифатида кун тартибида бўлиб келган. Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг бошчилигидаги “Адолат ва тараққиёт” партияси сиёсий лидерликни қўлга олгунга қадар Туркияда ҳижоб баъзан расмий, баъзан норасмий тақиқда бўлган. Бунинг тарихи эса Мустафо Камол Отатуркнинг Туркия давлатини ташкил этиши ва аёлларнинг рўмол ўрнига маданий одамлардек шапка кийишини тарғиб қилиши билан боғлиқ. Бироқ, ушбу масала кейинги йилларда ҳам замонавий Туркияни тақиб қилиб келмоқда. Жамиятдаги бўлиниш шу даражага бориб етганки, эътиқод ва одамларнинг индивидуал диний қарашлари телеканалларда муҳокама қилиняпти, камситиляпти. 

Мухолифат партия вакили Фикри Сағларнинг ҳижоб ҳақидаги гаплари жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлгач, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған унга жавоб қайтарди. У кеча, 1 январь куни жума намозини Истанбулдаги “Аё София” масжидида ўқиб, ибодат ортидан журналистлар билан мулоқот қилди. 

“Бу гапларни айтган одам ҳозирги асрда яшамаяпти, анча орқада қолиб кетган. Афсуски, бу ЖХПга хос бўлган ва ўтмишда кузатилган фашистик тушунчанинг бугунги ифодаси ва фашистик тушунча ҳанузгача мавжуд. Яъни, улар рўмолли қизларни йиллар давомида университетлар дарвозасидан қайтаришган. Агар сиз далада фермер бўлсангиз, рўмол қонуний, агар университетда бўлса,  ҳижоб тақиқланган. Ана шундай мантиқ бор эди”, дейди Президент Эрдўған.

Давлат раҳбарининг урғулашича, одамларни кийинишига қараб баҳолаш демократиянинг белгиси эмас. Унинг фикрича, ЖХП доимий равишд фикр ва эътиқод эркинлигини илгари суради, бироқ амалда ўзига қарши боради. 

“Агар биз одамларни кийинишига қараб баҳоласак, буни демократия, сўз ва эътиқод эркинлиги, деб бўлмайди. 

Улар [Жумҳурият халқ партияси вакиллари]га сўз берганингизда, одатда эътиқод, фикр эркинлигидан гапирадилар. Бу қандай эътиқод, қандай фикр эркинлиги бўлди? Йиғиштиринг бу ишларни! Биз 40-50 йилларда бўлгани каби ЖХПнинг ҳамон одамларнинг яшаш таризга кўра уларга ҳалал беришини кўришни истамаймиз”, дейди Президент

Эрдўған сўзида давом этаркан, мухолифат партия раиси Камол Қиличдорўғли партияга ҳижобли аёлларни ишга олиши бу фақат кўзбўямачилик учунлигини урғулади. 

“Камолбей ҳам ёнига икки ҳижобли аёлни олиб, бу билан миллатни алдашни бас қилсин. Халқни алдай олмайсизлар, у даврлар ўтди. Ёнингга икки эмас, йигирма нафар ҳижобли аёлларни олсанг ҳам сенинг кимлигингни халқ яхши билади. Аёлларнинг ҳижоби билан шуғулланишдан фойда йўқ. Ва ҳижоблиларни суд, прокуратура, полиция ва мамлакатдаги барча муассасаларда учратасиз”, дейди Эрдўған. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1383
Рейтинг: 3
t
×