Ҳиндистонда маҳаллий амалдорнинг телефонини олиб чиқиш учун сув омбори қуритилди
Олам
−
27 Май 2023
22776Ҳиндистоннинг Чхатиссгарҳ штатида маҳаллий амалдорнинг сувга тушиб кетган телефонини олиб чиқиш учун сув омборининг 4104 кубометр ёки 41 миллион литр суви оқизиб юборилди. Бу ҳақда “The Telegraph India” хабар берди.
Маълум қилинишича, штатнинг Паханжоре тумани озиқ-овқат инспектори Ражеш Вишвас 21 май куни дўстлари билан сайр қилиш учун Паралкот сув омборига борганида сельфи тушмоқчи бўлган ва шу пайтда унинг Samsung Galaxy S23 телефони сувга тушиб кетган.
Амалдор телефонини сувдан чиқариб олиш учун дизел насосларини ишга тушириб, тўғондан сувни чиқариб ташлаган. Қишлоқ аҳолисининг ёрдами билан телефон сувдан олиб чиқилган. Амалдор тўғон сувини чиқариб ташлашига телефонида давлат аҳамиятига молик махфий маълумотлар борлигини сабаб қилиб келтирган.
Шундан сўнг у ҳукумат рухсатисиз тўғон сувини чиқариб юборгани учун лавозимидан олинган.
“Виш ўз мансабини суиистеъмол қилиб, мобил телефонини қидириб топиш учун ваколатли шахсдан рухсат сўрамай, ёзги жазирама мавсумида миллионлаб литр сувни чиқариб юборди. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Юқорида қайд этилган қилмиши учун у вақтинчалик чекловга ҳукм қилинди”, дейилади унга нисбатан суд қарорида.
LiveБарчаси