Ҳиндистонда кран қулаши оқибатида 17 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

image

Ҳиндистоннинг Махараштра штатида қурилиш кранининг қулаши оқибатида 17 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Hindustan Times” хабар берди

Қайд этилишича, ҳодиса бугун, 1 августга ўтар кечаси Тхане округида, Мумбайдан 80 километр узоқликдаги автомагистралнинг қурилиш майдончасида содир бўлган. Қурилиш крани йўл ўтказгичнинг устига қулаган ва натижада бетон конструкциянинг бир қисми бузилиб кетган. Ҳозирча ҳодиса сабаблари аниқланмаган. 

Бахтсиз ҳодиса оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлган, 3 киши жароҳатланган. Шунингдек, яна беш киши вайроналар остида қолиб кетган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Қурбонларнинг бари йўл ўтказгич қурилишида ишлаётган ишчилар ҳисобланади. 

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, уларга бир марталик моддий ёрдам берилишини маълум қилди. 

“Махараштра штатининг Шаҳапур шаҳридаги фожиали бахтсиз ҳодисадан азоб чекдим. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Бизнинг ўйларимиз ва ибодатларимиз жароҳатланганлар биландир. Табиий офатларга қарши курашиш кучлари ва маҳаллий маъмурият бахтсиз ҳодиса жойида ишламоқда ҳамда жабрланганларга тегишли ёрдам кўрсатиш учун барча мумкин бўлган чоралар кўрилмоқда ", дейди Моди.

У, шунингдек, Ҳиндистон Бош вазирининг миллий ёрдам жамғармаси ҳисобидан ҳалок бўлганларнинг оилаларига 2 лакҳ рупийдан (2430 АҚШ доллари), жароҳатланганларнинг ҳар бирига эса 50 минг рупий (607 доллар) берилишини билдирган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда кран қулаши оқибатида машинист ҳалок бўлган эди. 2021 йилда эса Канадада бир неча киши кран қулашининг қурбонига айланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон кран қулаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг