Ҳиндистонда фоҳишаликка мажбурланган қиз Ўзбекистонга қайтарилди

Жамият

image

Ўзбекистон элчихонаси Ҳиндистонга алдов йўли билан олиб келинган ва одам савдоси қурбонига айланиш хавфи остида қолган Ўзбекистон фуқаросининг мамлакатга қайтишига амалий ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Маълум қилинишича, дипломатик миссия консуллик бўлимига Ҳиндистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан Деҳлидаги Индира Ганди халқаро аэропортида руҳий тушкунлик ҳолатидаги З.Т. исмли Ўзбекистон фуқароси аниқлангани ҳақида маълумот келиб тушган.

Шундан сўнг зудлик билан Ўзбекистон фуқароси билан алоқа ўрнатилиб, у элчихонага олиб келинган. Суриштирув жараёнида З.Т.га С. ва К. исмли кимсалар томонидан Деҳли шаҳридаги ошхоналардан бирида официант бўлиб ишлаш таклифи билдирилгани аниқланган. Бироқ Ҳиндистонга келиб, меҳмонхонага жойлашгач, З.Т. алдов тузоғига тушиб қолганини билиб қолган ҳамда уни Ўзбекистонга қайтариб юборишларини талаб қилган.

Бироқ С. ва К. З.Т.дан унинг учун сарфланган йўл харажатларини қоплаб беришини талаб қилган ҳамда жинсий хизмат кўрсатишга мажбурлашга ҳаракат қилган. З.Т. ўзи ушлаб турилган маскандан қочиш ва маҳаллий полиция вакилларига мурожаат қилишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан оғир аҳволга тушиб қолган фуқарога тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилган ҳамда ҳомий ташкилотлар кўмагида “Деҳли-Тошкент” йўналишидаги авиарейсга чипта сотиб олинган.

Билдирилишича, Ҳиндистоннинг тегишли муассасалари билан Ўзбекистон фуқаросини ёлғон ваъдалар билан Деҳлига олиб келиб, эксплуатация қилишга уринишда гумон қилинаётган кимсаларга нисбатан қонуний чора кўрилиши бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияга алдов йўли билан чақирилган ва мураккаб вазиятга тушиб қолган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси ортга қайтарилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

фоҳишалик Ўзбекистон Ҳиндистон Деҳли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг