Ҳиндистон “Телсартан Н” препарати сериясини Ўзбекистондан қайтариб олади
Олам
−
08 Январь 3423 2 дақиқа
Ҳиндистоннинг “Dr. Reddy’s Laboratories Ltd” компанияси томонидан Ўзбекистонда сотилаётган “Телсартан H” дори воситасининг айрим серияси муомаладан қайтариб олинмоқда. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасаси хабар берди.
Қайд этилишича, ишлаб чиқарувчи томонидан ўтказилган сифат назорати ва барқарорлик синовлари натижаларига кўра, “Телсартан H 80 мг/12,5 мг” дори воситасининг C2501976 сериясида фаол модда – гидрохлоротиазид миқдорининг белгиланган меъёрлардан четга чиққани аниқланган. Мазкур ҳолат дори воситасининг сифат кўрсаткичларига оид номувофиқлик сифатида баҳоланган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киритилган C2501977 серияси бўйича фаол модда миқдорига оид бундай номувофиқлик қайд этилмаган. Бироқ ушбу серия, номувофиқлик аниқланган серия билан бир хил ишлаб чиқариш лотига мансуб бўлган фаол моддадан ишлаб чиқарилгани сабабли, дори воситалари муомаласи хавфсизлигини таъминлаш ҳамда эҳтимолий хавфларнинг олдини олиш мақсадида профилактик чоралар доирасида бозордан қайтариб олинмоқда.
Шу муносабат билан, юқорида кўрсатилган сериядаги “Телсартан H 80 мг/12,5 мг” препаратини сотиб олган фуқаролардан ушбу дори воситасини истеъмол қилмасликлари, агар у аввалдан мавжуд бўлса, ундан фойдаланмасликлари, шунингдек, зарурат туғилганда даволовчи шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда муқобил дори воситасини танлашлари сўралади.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази аҳолини дори воситаларидан фойдаланишда доимо эҳтиёткорликка риоя этишга, дори воситаларини шифокор тавсиясисиз ўзбошимчалик билан қабул қилмасликка ҳамда улар билан боғлиқ ҳар қандай ахборотни фақат расмий ва ишончли манбалар орқали текшириб олишга чақиради”, дейилади хабарда.
Шунингдек, дори воситалари муомаласига оид маълумотлар юзасидан асоссиз хулосалар чиқармаслик, турли норасмий манбаларда тарқатилаётган тасдиқланмаган хабарларга ишонмаслик тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Nestle Food” Ўзбекистонда чекланган миқдордаги болалар овқатларини ихтиёрий равишда қайтариб олишини эълон қилган эди. Хусусан, тез эрийдиган қуруқ сут ва нордон сутли аралашмалар, шунингдек, шифобахш парҳез таомларнинг аминокислоталари асосидаги қуруқ аралашмаси шулар жумласидан.