Комилов “Ҳиндистон-Марказий Осиё” мулоқоти ТИВ раҳбарлари йиғилишида қатнашди
Жамият
−
28 Октябрь 2020
1575Бугун, 28 октябрь куни “Ҳиндистон-Марказий Осиё” мулоқоти ташқи сиёсат идорлари раҳбарларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов видеоконференция орқали иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, Ҳиндистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари қатнашди.
Йиғилишда ўтган йили Самарқандда бошланган ушбу дипломатик платформа минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун долзарб ва самарали механизм эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида вазирлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, сайёҳлик, маданий-гуманитар, экология ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш мақсадида томонларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида ҳамкорлик, трансчегаравий хатарлар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлиги қайд этилган. Ўзбекистон томони минтақавий муаммоларни аниқлаш учун мунтазам равишда экспертлар учрашувларини ташкил этишни таклиф қилди.
Учрашув иштирокчилари минтақадаги хавфсизлик ва барқарорлик Афғонистондаги вазият билан чамбарчас боғлиқлигини таъкидладлар. Шу нуқтайи назардан томонлар Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит ҳамкорлигига янада жалб қилиш, ушбу соҳаларда аниқ лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори эканликларини маълум қилган.
ТИВ раҳбарлари Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларининг санитар-епидемиология хизматлари ўртасида COVID-19 пандемиясига қарши курашда яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлигини таъкидлаганлар.
Вазирлар бугун бўлиб ўтган Ҳиндистон-Марказий Осиё ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилиши натижаларини олқишлаган.
Тадбир якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинган.
LiveБарчаси