Ҳиндистон АҚШдан Эрон нефтини сотиб олишга рухсат сўради – “Bloomberg” 

Олам

image

Ҳиндистон АҚШдан Эрон ва Венесуэладан нефть харид қилишга рухсат беришни сўради ва бунинг эвазига Россиядан импортни кескин камайтиришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Нашр манбасига кўра, АҚШга ташриф буюрган Ҳиндистон делегацияси шу ҳафта америкалик расмийлар билан учрашувларда мазкур таклифни муҳокама қилган. Ҳиндистон томони Россия, Эрон ва Венесуэладан бир вақтда нефть импортини тўхтатиш дунё бозорида нархларнинг кескин ошишига олиб келиши мумкинлигини билдирган. Музокаралар Вашингтоннинг Ҳиндистонга Россия нефти савдоси туфайли жорий этган кескин тарифлари ортидан бўлиб ўтган.

Тарифларга қарамай, мамлакат Россиядан нефть харид қилишни давом эттирмоқда, бироқ аввалгидан камроқ ҳажмда. Ҳиндистон Савдо вазири Пиюш Гойял эса Нью-Йоркда қилган чиқишида АҚШдан нефть ва газ импортини ошириш истагини билдирган.

“Bloomberg” маълумотларига кўра, Ҳиндистон нефтга бўлган эҳтиёжининг қарийб 90 фоизини импорт ҳисобидан қоплайди. Россия нефтининг нисбатан арзонлиги мамлакатнинг импорт харажатларини камайтиришга ёрдам бермоқда. Масалан, жорий йилнинг июлида Ҳиндистон нефтни Россиядан баррели ўртача 68,90 доллар, Саудия Арабистонидан 77,50 доллар, АҚШдан эса 74,20 доллар нархда сотиб олган. Ҳиндистон ҳозирча Россиядан танкерлар орқали етказиб бериладиган нефтнинг энг йирик харидори бўлиб қолмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия нефтини импорт қилишни тўхтатмагунча Ҳиндистон билан савдо битимини имзолашдан бош тортгани ҳақида хабар берилган эди. Маълумотларга кўра, яқинда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир Трампга Ҳиндистон билан савдо битими лойиҳасини тақдим этган. Унга кўра, Ҳиндистон Америка маҳсулотларига қўйиладиган божларни кескин пасайтириши керак эди. Аммо Президент Ҳиндистон Россия нефтидан воз кечмагунча, битимни маъқулламаслигини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Венесуэла Эрон Ҳиндистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг