56 киши ўлдирилди. Ҳиндистондаги диний можаро нимадан бошланди?

Таҳлил 21266
image

Деҳлининг аҳоли зич жойлашган Ямуна Вихар мавзесида йиллар давомида ҳиндиуийлик дини вакиллари ва мусулмонлар биргаликда тинч-тотув яшаб, меҳнат қилиб келмоқда эди. Аммо ўтган ойда мамлакат бўйлаб бўлиб ўтган тартибсизликлар жамиятда узоқ вақт давом этиб келаётган муносабатларни дарз кетишига олиб келди.

Тарибсизликлар Ҳиндистон ҳукуматининг фуқаролик тўғрисидаги янги қонуни ортидан келиб чиқди. Қонунга биноан, 2015 йилдан олдин мамлакатга келган муҳожирлар Ҳиндистон фуқаролигини олиши мумкин. Лекин, бу қонун мусулмонлар, Непал ва Шри-Ланка фуқароларига нисбатан қўлланилмайди. 

Ҳукуматдагилар янги қонунни диний озчилик вакилларини мусулмон аҳолиси кўп мамлакатларда таъқиб қилинишидан ҳимоялаш, деб изоҳлашмоқда. Мамлакат мусулмонлари эса бу қонуни инсон ҳуқуқларига зид деб баҳолашди ва мамлакат бўйлаб норозилик намойишларини ўтказишди. Бундан ғазабланган бошқа дин вакиллари уларга қарши куч ишлатиб, мусулмонлар яшайдиган мавзеларга ҳужум қилишди.

Шундай қилиб, Ҳиндистон пойтахтидаги ўн йилликлар ичида энг даҳшатли динлараро можаро бошланиб кетди. Полиция маълумотларига кўра, камида 53 киши, асосан мусулмонлар ўлдирилган ва 200 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Ҳозирда Ямуна Вихар мавзесидаги кўпгина ҳиндуийлар мусулмон савдогарларни бойкот қилишмоқда ва мусулмон ишчиларини ёллашдан бош тортишмоқда. Мусулмонлар коронавирус пандемияси Ҳиндистон иқтисодиётига босимни кучайтирган бир пайтда иш топишга қийналаётганликларини айтишмоқда.

“Мен ҳеч қачон мусулмонлар билан ишламасликка қарор қилдим. Мен янги ишчиларни ёлладим, улар ҳиндуийлар”, дейди бўёқ ва ҳаммом жиҳозлари сотадиган Яш Дингра.

Дингра, тартибсизликлар Ямуна Вихарни бутунлай ўзгартирганини айтди. Дераза ойналари синган уйларни бутун маҳалла бўйлаб кўриш мумкин. Оловда эриган электр симлари, тартибсизликларда қурол сифатида ишлатилган ғишт ва қонга беланган тошлар кўчаларни тўлдириб ётибди.

Бу тумандаги ҳинд аҳолисининг аксарияти, ҳозирда ошпаз ва тозаловчилардан тортиб механик ва мева сотувчиларгача бўлган ҳамма мусулмон ишчиларига бойкот эълон қилишмоқда.

“Бизда мусулмонлар зўравонликни бошлаганини кўрсатадиган далилларимиз бор. Лекин улар буни тан олишмаяпти”, дейди Дингра.

Деҳлининг шимолий-шарқий ҳудудида жойлашган мусулмонлар қийин аҳволга тушиб қолишганини айтишмоқда. Уларнинг кўплари ҳиндуийлар билан ишлашни тўхтатишга қарор қилишган. 45 ёшли уй бекаси Суман Гўзал зўравонликлар уни даҳшатга солиб қўйганини айтди.

“Ўзингизни бу ерда бегонадек ҳис қилиш – дахшат. Мусулмон аёлларига тажовуз билан қараш одатий ҳол бўлиб қолди”, дейди Суман.

Муҳаммад Таслим исмли мусулмон, тартибсизликлар бўлиб ўтган маҳаллалардан бирида яшайди. У ҳиндларга тегишли дўконда ижара тўлаб, пойабзал сотиш билан шуғулланган. Кейин ундан дўкон тортиб олинган ва бошқа ҳинд тадбиркорга берилган.

“Буларнинг ҳаммаси фақатгина мен мусулмон бўлганим учун қилинмоқда”, дейди Таслим.

Мусулмонлар тартибсизликларни изоҳлашар экан, бу ҳаракатларни улар фақатгина янги қонунга қарши эканликларини билдириш учун амалга оширганликларини айтишмоқда.

“Биз учун янги ҳаёт бошланди. Энди иш, рўзғор ва бизнес биз учун энг муҳими эмас. Ҳозирда, хавфсиз бўлиш ва ҳаётимизни ҳимоя қилиш бизнинг устувор вазифамиздир”, дейди Одил исмли Деҳли иқтисод марказида ишлайдиган мусулмон тадқиқотчиси.

Шунингдек, сўнгги йилларда ҳиндлар томонидан улар учун муқаддас саналган сигирларни сўйиш жойларига ҳужум қилиш ҳолатлари кўпайди. Қассобхоналарда ишлайдиган мусулмонларни ўғирлаб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилди.

Афсуски, Ҳиндистон ҳукумати бу зиддиятларга барҳам бериш ўрнига уни янада авж олишига сабаб бўлувчи ҳаракатлар қилмоқда. Жумладан, ҳукумат, аҳолиси асосан мусулмонлар бўлган Жамму ва Кашмир учун ярим автоном имтиёзларни бекор қилди. У ердаги алоқа хизматлари фаолиятини тўхтатди. Ҳудудда коммендантлик соатини жорий қилди.

Шунингдек, 2019 йил ноябрь ойида Ҳиндистон Олий суди Айодхья шаҳрида ҳинд ибодатхонасини барпо этиш тўғрисида қарор чиқарди. Ибодатхона XVI асрга тегишли масжид ўрнида қурилиши белгиланди. Бу эса ушбу шаҳарда яшовчи мусулмонлар ғазабини келтирди. Бу ҳаракатлар ва янги қонун бўйича ҳукумат изоҳ берганича йўқ.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 594
Рейтинг: 2.9
t
×