“Ҳимояланишга қодирмиз”. Эрон элчиси КХДР таклифини рад этди

Олам

image

Яқин Шарқдаги можаро фонида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин агар Эрон хоҳласа, ўз ракеталарини беришга тайёр эканини айтган эди. Бироқ Эрон ҳеч бир давлатдан ёрдам олмайди ва ўзини ҳимоя қилишга қодир. Бу ҳақда бугун, 4 март куни Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонасида ўтказилган матбуот анжуманида элчи Муҳаммад Али Искандарий маълум қилди.

Унинг айтишича, агар Эронга қўшни давлатлар ўз ҳудудидаги ҳарбий базаларни мамлакатга қарши ҳужум учун тақдим этса, улар Эрон учун қонуний нишон ҳисобланади. Бу уруш бошланишидан олдин ҳам очиқ ва равшан эълон қилинган.

“Биз аввал ҳам аниқ айтганмизки, Америка объектлари, активлари ва кучларига қаерда етиш имконимиз бўлса, ўша ерда зарба берамиз. Тўғридан тўғри АҚШ ҳудудига етиш имконимиз йўқлиги сабабли, қўлимиз етадиган жойлардаги ҳарбий объектлар ва инфратузилмага зарба берамиз. Масалан, Қувайтда Америка ҳарбий самолётлари фаолиятини кўрдик. Имкон бўлган жойда уларнинг учта самолётини уриб туширдик”, дейди элчи.

Унинг айтишича, шу билан бирга, Эрон биз қўшни давлатлар билан яхши муносабатларга эга. Масалан, Эроннинг энг йирик савдо ҳамкори – Бирлашган Араб Амирликлари. Умуман, минтақа давлатлари билан яхши алоқалар бор.

“Биз фақат Америка объектлари ва унга тегишли инфратузилмага зарба бердик. Бошқа жойларда содир бўлган ҳодисалар “сохта байроқ” остида, яъни бошқалар томонидан амалга оширилган. Бу бизнинг ишимиз эмас”, дейди Муҳаммад Али Искандарий.

Унинг айтичича, сўнгги ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, минтақа аҳолисининг 90 фоизи Америка ҳарбий базаларининг чиқиб кетишини истайди. Минтақа халқлари ва ҳукуматлари ўртасидаги айрим келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири ҳам айнан Америка ҳарбий базаларининг мавжудлиги. Бундан ташқари, Америка объектларининг кўпчилиги аслида жосуслик марказлари, жумладан, “Моссад” фаолияти билан боғлиқ масканлар ҳисобланади.

“Биз уруш истамаймиз. Агар тажовуз тўхтатилса, биз ҳам ҳимоя ҳаракатларини тўхтатамиз. Тажовуз тўхтамагунча музокара бўлмайди. Шундан кейин қарор қабул қилинади”, дейди Эрон элчиси.

QALAMPIR.UZ журналисти элчига Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Эрон хоҳласа, ўз ракеталарини тақдим этишга тайёрлигини айтгани ҳақида савол берди.

“Биз фахр билан айтамизки, ҳеч бир давлатдан ёрдам сўрамаганмиз. Ўзимизни ҳимоя қилишга қодирмиз. Биз ҳозир Америка ёки Исроил билан эмас, балки ҳамма нарсани ўз назоратига олмоқчи бўлган бир мафкура билан курашяпмиз”, дейди Али Искандарий.

Унинг билдиришича, бу ёндашув 1945 йилдан кейин шаклланган халқаро тизим ва унинг қоидаларига бориб тақалади. Аммо Америка ва Исроил 7 октябрдаги воқеаларни баҳона қилиб, халқаро тизимни ўзгартиришга уринмоқда.

“Биз қийинчиликларга дуч келамиз, аммо уларни енгиб ўтамиз. Биз саккиз йиллик урушни ҳам бошдан кечирганмиз – Эрон-Ироқ уруши даврида Совет Иттифоқи ҳам, Ғарб блоки ҳам Ироқни қўллаб-қувватлаган. Шунга қарамай, биз бу синовдан ўтдик”, дейди элчи.

Шунингдек, унинг айтишича, Эрон иқтисодий кўрсаткичлар бўйича ҳам минтақада етакчи ўринларда бўлган – биринчи, иккинчи ёки учинчи ўринларда. Айрим соҳаларда дунёдаги энг кучли ўнликка киради. Илм-фан ва технология соҳасида ҳам ютуқлар бор, масалан, космосга сунъий йўлдош учирилади. Агар имконият кенгроқ бўлса, Эрон бундан ҳам кўпроқ натижаларга эришиши мумкин.

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига “иммунитет” олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.

Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.

Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.

Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Муҳаммад Али Искандарий АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made