Ҳаёти дўзаҳга айлан(тирил)ган болалар фарёди: Уруш майдонларидан гапирамиз

Таҳлил 15577
image

Дунё дунё бўлибдики инсоният уруш деган балони бошдан кечириб келади. Урушлар мамлакат иқтисодиёти, ижтимоий муҳит ва тараққиётга жиддий зарар етказиши ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, урушлар миллионлаб мурғак болаларни энг ҳузурбахш давридан, яъни болалалигидан ва ёрқин келажакдан мосуво қилади. Миллионлаб болаларни ана шундай бебаҳо нарсалардан маҳрум қилаётган шундай уруш ўчоқлари борки, биз сизни улардан баъзиларидаги болалар аҳволи билан таништириб ўтамиз. 

•    Ҳозирда дунё болаларининг деярли бешдан бир қисми яъни 420 миллион нафари уруш бўлаётган ҳудудларда яшамоқда. Бу кўрсаткич 2016 йилдан бери 30 миллионга ортган

•    Уруш ҳудудларида яшаётган болаларнинг кўлами Совуқ уруш давридан бери икки баробарга ошган.

•    142 миллион бола юқори зиддиятли ҳудудларда яшамоқда.

•    "Болаларни асранг" янги таҳлили шуни кўрсатадики, БМТ томонидан хабар қилинган ва тасдиқланган низоларда болалар ҳуқуқларининг "жиддий бузилиши" 2010 йилдан бери деярли уч бараварга кўпайган.

•    Ҳар йили юз минглаб болалар можароларнинг билвосита оқибатлари, жумладан кам овқатланиш, касаллик, сув тақчиллиги ва санитария бузилишлари натижасида ҳалок бўлишади.

Судан

Мамлакатнинг умумий аҳолиси 40,8 миллион. Шундан 38 фоизи – 16 ёшгача бўлган болалар. 2011 йилдаги фуқаролик уруши туфайли ҳозирги кунда 5,5 миллион инсон ёрдамга муҳтож уларнинг 2,6 миллиони болалар ҳисобланади. Уруш оқибатида умумий 2 миллион одам ўз яшаш ҳудудини тарк этган бу кўрсаткич бўйича болалар сони – 1,8 миллион. Қочоқлар лагерида яшаётганларнинг 61%и – болалардир. 

Мактаб ёшидаги 1,5 миллион бола таълимга муҳтож. Уларнинг 800 000 нафари қочқинлар лагерида яшамоқда. Қочқинларинг 40%и – мактаб ёшидаги болалар. Уларнинг 52%и мактага бормайди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2,3 миллион бола очликдан азият чекмоқда ва беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг деярли ярми тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ. Мамлакатнинг 18 штатидан 11 тасида тўйиб овқатланмаслик 15%дан юқори. Бу Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) стандартларига мувофиқ фавқулодда ҳолатлардан юқори.

Судандаги хар олтита боланинг биттаси тойиб овқатланмайди.

Консерватив ҳисоб-китобларга кўра, 2011 йилдан бери можароларда ҳалок бўлган болалар сони 383 мингдан ошди, лекин ҳақиқий кўрсаткич бундан анча юқори бўлиши мумкин.

Яман

Бу мамлакатда 2015 йилдан буён уруш ҳаракатлари кетмоқда. 2019 йил ноябрь ойида берилган UNICEF ҳисоботига кўра:

•    2015 йил 26 мартдан 2019 йил ноябрь ойигача 2867 бола ўлдирилган. Уларнинг 1992 нафари ўғил, 826 нафари эса қиз бола. 49 тасининг жинси номаълум;

•    Шу йиллар давомида 4846 бола жароҳат олди (шундан 3546 нафари – ўғил; 1300 нафари – қиз);

•    3326 нафар бола жангларда қатнашган (шундан 3226 нафари – ўғил, 57 нафари – қиз).

•    Таълим муассасаларига 362 марта ҳужум уюштирилган ёки ҳарбий мақсадда фойдаланилган;

•    Соғлиқни сақлаш муассасаларига 146 марта ҳужум уюштирилган ёки ҳарбий мақсадларда фойдаланилган;

•    Шу йиллар давомида вояга етмаганлар никоҳи кўпайди. Жумладан 2016 йилда 18 ёшга тўлмаган қизларнинг 52 фоизи турмуш қурган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилда 68 фоизга етди;

•    Тахминан 2 миллион яманлик бола тўйиб овқатланмайди, уларнинг орасида беш ёшгача бўлган 360 мингга яқин болалар очликни бошдан кечирмоқда ва омон қолиш учун курашмоқда;

•    Уруш туфайли 2000 та мактаб яроқсиз ҳолатга келган. 4 миллион мактаб ёшидаги бола таълим олишга муҳтож;

•    Тахминан 18 миллион киши ( уларнинг 9,2 миллион нафари болалар) тоза сув, санитария ва гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

Афғонистон

Қўшни мамлакат UNICEF ҳисоботида туғилиш учун энг ёмон мамлакат деб таърифланди. Уруш туфайли мамлакатдаги болалар аҳволи ҳавас қиладиган даражада эмас. Ҳисоботга кўра:

•    2009 – 2019 йиллар оралиғида 6463 нафар бола ўлдирилган ва 14 957 нафар бола эса жароҳатланган;

•    Шу йиллар давомида 162 мактаб яроқсиз ҳолатга келган ва мактаб ёшидаги болаларнинг тенг ярми таълим олишдан маҳрум;

•    2 миллион афғон боласи тўйиб овқатланмайди улардан 600 000 га яқини очликнинг энг хавфли босқичида;

•    Ҳар йили вояга етмаган қизларнинг 2/3 қисми турмушга чиқади.

Сурия

2014 йилда бошланган фуқоролик уруши бу мамлакатни болалар учун дўзаҳга айлатирди, десак муболаға бўлмайди. UNICEF ўз ҳисоботида бу мамлакатдаги болалар аҳволи ҳақида қуйдагиларни келтириб ўтди:

•    2014 йилдан буён 4500 дан ортиқ бола ўлдирилган 3500 ортиқ бола эса жароҳатланган;

•    3800 нафар бола жангларда қатнашишга мажбур бўлган;

•    360 мингга яқин болалар уруш ўчоқларида яшашга мажбур;

•    2,5 миллионга яқин бола мамлакат ташқарисидаги қочқинлар лагерида яшамоқда;

•    Шу йиллар давомида 385та мактабга ҳужум қилинган, 50 дан ортиқ таълим муассасаларидан ҳарбий мақсадда фойдаланилган. Шу сабаб 2 миллионга яқин мактаб ёшидаги суриялик болалар таълим олиш имкониятига эга эмас. Булардан 1,3 миллион нафари бошланғич таълимсиз қолиб кетиш хавфи бор; 

•    Ҳар 5 нафар боланинг 1 таси экстремал шароитда яшамоқда (ўлим хавфи, қуллик, зўравонлик).

Сомали

Йигирма йилдан ортиқ давом этган можаролар, асосан Сомалининг жанубида, инфратузилма, иқтисодиёт ва кўпгина институтларни йўқ қилди. Сиад Барре ҳукумати қулаганидан сўнг, 1991 йил январда мамлакат парчаланиб кетди. 2012 йилда Могадишуда янги федерал ҳукумат тузилди ва Сомалидаги Африка Иттифоқи Миссияси (AMISOM) кучлари Сомали кучларига Ал-Шабааб гуруҳига қарши курашиш учун қўшилди. Ҳозирда жанубда зиддиятлар давом этмоқда. Бу уруш бошқа урушлар каби Сомали болалари ҳаётига жиддий путур етказди. UNICEF ўз ҳисоботида бу зарарнинг “натижалари” билан ўртоқлашди:

•    Сомалидаги уруш мобайнида 5279 нафар бола ўлдирилган;

•    Мамлакат бўйлаб 2.8 миллион бола ҳар томонлама ёрдамга муҳтож;

•    940 минг бола тўйиб овқатланмайди;

•    2 миллионга яқин бола ҳанузгача шошилинч тиббий ёрдам ва оддий санитария хизматларидан фойдаланишга муҳтож;

•    миллиондан ортиқ мактаб ёшидаги болалар мактабга бормайди;

•    2,6 миллион киши ўз болалари билан ўз яшаш жойларини тарк этган.

Нуруллоҳ Шарипов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 255
Рейтинг: 3
t
×