Xавотир. Сергелидаги арзон уйларнинг нархи яна ошадими?
Жамият
−
26 Сентябрь 2019
5435Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан Тошкент шаҳрининг Сергели туманида кўп қаватли арзон уй жойлар қурилиб келинмоқда. Ижтимоий тармоқларда мазкур уйларнинг яна нархи ошиши борасида хабарлар тарқалди.
Маълум бўлишича, 2019 йил март ойидаги экспертиза хулосасига кўра, 2019 йилда Сергели туманида қурилган олти ва тўққиз қаватли уйларда жойлашган хонадонларнинг 1 квадрат метр 5 миллион 47 минг 810 сўмни ташкил қилиши белгилаб қўйилган.
“Ўзшаҳар қурилиш инвест“ ИК МЧЖ томонидан шу мазмунда тайёрланган хат арзон уй-жойлар учун имтиёзли кредитлар ажратувчи банкларга жўнатилган. Мазкур хат нусхаси ижтимоий тармоқларда тармоқларда тарқалмоқда.
Жорий йилнинг апрел ойида Сергели тумани ҳудудида қурилган уйларнинг нархи ошиши юзасидан аҳоли ўртасида норозиликлар келиб чиққан ва шундан сўнг Бош вазир Абдулла Арипов вазиятни ўрганиб, мутасадди ташкилотларга нархларни тушириш бўйича кўрсатма берганди. Май ойида эса нархлар 1 квадрат метр учун 3,2 миллион сўмгача туширилганди.
2019 йилда қурилган уйлардаги хонадонларнинг 1 квадрат метр учун тўлов йил бошида 4,3 миллион сўм атрофида белгиланганди. Агар хатдаги рақамларга ишонадиган бўлсак, уйларнинг нархи салкам 18 фоизга оширилишини кўриш мумкин бўлади.