Совуқ ҳаво сабаб энергия таъминотида техник чекловлар бўлиши мумкин – вазирлик
Жамият
−
16 Январь 6063 2 дақиқа
Бугун, 16 январдан бошлаб Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиши кутилмоқда. Шу сабабли Энергетика вазирлиги огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан энергитика тизими кучайтирилган иш режимига ўтказилади. Шу муносабат билан ёқилғи-энергетика тизими совуқ об-ҳаво шароитида барқарор ишлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Электр, иссиқлик ва газ тармоқларида қўшимча техник кўриклар ўтказилиб, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш қувватлари мавжуд шароитга мослаштирилган. Масъул хизматлар 24/7 режимида иш олиб бормоқда.
Совуқ кунларда энергияга бўлган талаб ортади. Айрим ҳудудларда вақтинчалик техник чекловлар бўлиши мумкин.
Истеъмолчилардан электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланиш, иситиш ускуналаридан тежамкорлик билан фойдаланиш тавсия қилинади. Уй-жойларда иссиқликни сақлаш орқали ҳам энергия тежалади, ҳам хона илиқ бўлади. Иситиш ускуналарини қаровсиз қолдирмаслик, улардан фойдаланиш вақтида хонада шамоллатишни таъминлаш зарур. Дудбурон ва вентиляция тизимларининг ишлаш ҳолати мунтазам текшириб турилиши шарт.
Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида ёпиқ хоналарда очиқ олов ёки носоз иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик, имкон қадар ис гази аниқлагич ускуналардан фойдаланиш тавсия этилади.
Электр ва газ таъминоти билан боғлиқ савол, мурожаат ва таклифлар бўлса, қуйидаги алоқа каналларига мурожаат қилиш мумкин:
- Электр таъминоти бўйича: 1154
- Газ таъминоти бўйича: 1104 ва 104.