Ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар масаласи ҳал этилди

Жамият

image

Жорий йилда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари жавоби чиққанидан кейин ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга кўплаб абитуритентлар ўқишга кира олмай қолгани маълум бўлди. Улар норози бўлиб Давлат тест маркази биноси олдига тўпланди.

Давлат тест маркази ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси бўлган абитуриентлар бўйича масаласида маълумот берди.

Унга кўра, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга жами 13 107 нафар абитуриент олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун рўйхатдан ўтган бўлиб, масъул ваколатли органлар томонидан дастлабки текшириш натижаларига кўра, 1828 нафар абитуриентнинг ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси тасдиқланмаган эди.

Масъул ваколатли органлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан қайта текшириш натижаларига кўра, 1828 нафар абитуриентдан 1516 нафари ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга эканлиги, 172 нафари сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилганлиги, 85 нафари ҳарбий хизматни ўтамаганлиги ва 55 нафари муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлиги, лекин ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга эмаслиги аниқланган.

ДТМ томонидан тавсияномаси тасдиқланган абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари асосида танлов натижалари (ҳар бир таълим шакли ва олий таълим муассасаси кесимида) ҳисобланганда 1516 нафар абитуриентдан 128 нафари давлат грантига, 478 нафари тўлов-контрактга ўтиш балларига тенг ёки ундан юқори (рўйхатдан ўтишда танланган 1-олий таълим муассасасида имтиёз доирасида ўтиш балига нисбатан) балл тўплаганлиги маълум бўлган.

Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда абитуриентларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат комиссиясининг 6-сон баёни билан мазкур абитуриентларнинг 128 нафари давлат гранти асосида, 478 нафари эса тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилди.

Ҳозирда талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг қайдномаси олий таълим муассасаларига тақдим этилмоқда.

Талабаликка тавсия этилган абитуриентлар ўз натижаларини шахсий кабинетлари (abitur.dtm.uz) орқали кўришлари мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ абитуриент ҳарбий тавсиянома

Баҳолаганлар

91

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made