“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида банкларга 500 млрд сўм ажратилди

Жамият

image

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 1 трлн сўм ажратиш кўзда тутилган эди. Бугун, 9 июнь куни Марказий банк матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, ушбу суммадан биринчи босқичда 500 млрд. сўм миқдоридаги ресурс Халқ банк, “Агробанк”, “Микрокредитбанк”ларнинг жойлардаги филиалларига етказилган.

Жорий йилнинг 1 июнидан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида кредитлар ажратиш бўйича соддалаштирилган механизм жорий этилди.

Унга кўра, маҳсулотларни етказиб берувчи (хизматлар кўрсатувчи) таъминотчилар рўйхатини тасдиқлаш амалиёти бекор қилиниши ва фақат наслли чорва моллари (қорамол, қўй, эчки) етказиб берувчилар рўйхати уларнинг етарлича имкониятлари мавжудлиги инобатга олинган ҳолда тасдиқланади.

Бундан ташқари, туман сектори раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда кредит олиш истагини билдирган шахсларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ўрганиб, уларни молиялаштириш учун тавсиянома берилади.

Шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаригача кредит ажратишга вилоят марказлари томонидан хулоса берилиши талаб этилмаган ҳолда, туман (шаҳар) марказларининг хулосалари қабул қилиниши ҳамда ушбу хулосалар туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосари ва тегишли банк филиали бошқарувчиси томонидан белгиланган тартибда маъқулланиши етарли этиб белгиланди.

Маълум қилинишича, кредит маблағлари қарз олувчилар томонидан эркин тарзда тузилган шартномаларга асосан маҳсулот ва ускуна етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Эндиликда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида кредитлар ажратишда туман Марказлари томонидан хулосалар ҳудуд учун белгиланган ресурс маблағлари доирасида берилиши, дастур доирасида ажратиладиган маблағларнинг: 

– 70 фоизи кафолатланган янги иш ўринлари яратишни кўзда тутувчи кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига, 

– 30 фоизи устувор равишда уй шароитида ўзини ўзи банд қилиш, хусусан, аҳолининг томорқасидан унумли фойдаланиш ҳамда уй шароитида ҳунармандчиликни ривожлантиришга йўналтириш мўлжалланмоқда.

“Кредитлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ва камбағалликни қисқартиришда ҳиссаси юқори бўлган (устувор равишда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсиз фуқароларни даромадли меҳнат ҳамда янги иш ўринлари билан банд қилишга қаратилган) лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилишига ҳамда ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши ва самарадорлиги таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 майдаги  “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4720-сонли қарорига асосан олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

кредит банк

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг