Ҳамманики ўзига... Путин “omicron”га қарши рус вакцинаси самарали эканини айтди

Олам 3046
image

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакатда ишлаб чиқарилаётган “Спутник V” вакцинасини коронавируснинг янги “omicron” штаммига қарши курашда самаралироқ эканини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 17 декабрь куни Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи конгресси йиғилишида айтиб ўтган.

“Бизнинг “Спутник V” яхши ишламоқда. Ва, эҳтимол, у дунёда қўлланиладиган бошқа вакциналарга қараганда “omicron”га қарши курашда самаралироқдир”, деган Владимир Путин.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, яқин кунларда экспертлар “omicron”га қарши Россия вакцинасини қўллаш бўйича хулоса беради.

Россия Федерацияси Бош вазирининг ўринбосари Татьяна Голикованинг Президентга маълум қилишича, мамлакатда коронавирусга қарши қўлланилаётган барча дориларнинг “omicron”га қарши самарадорлиги синовдан ўтказиляпти.

Маълумот учун, айни пайтда, Санкт-Петербургда аллақачон “omicron” билан касалланган икки киши аниқланган.

Маълумот ўрнида, 26 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Африканинг жанубида аниқланган B.1.1.529 коронавирус штаммини юнонча “omicron” ҳарфи билан белгилади. У жуда кўп мутацияларга эга, уларнинг баъзилари ЖССТни ташвишга солмоқда. Дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларида аллақачон топилган “omicron” штамми бошқаларга қараганда тезроқ тарқалиш имкониятига эга.

Pfizer ва BioNTech компаниялари коронавируснинг янги “omicron” штамми вакцина антикорларини коронавируснинг бошқа штаммларига қараганда самаралироқ четлаб ўтишини тасдиқлади.

Хитойнинг Anhui Zhifei Longsom Biopharmaseutisalкомпанияси ўзининг ZF-UZ-VAC2001 препаратини коронавируснинг “omicron” вариантига қарши антитаначалар ишлаб чиқарилишига олиб келиши мумкинлигини айтган эди.

Шунингдек, япон олимлар “omicron” вакцинага қарши кўпроқ юқумли бўлиб, у ҳам табиий, ҳам эмлаш орқали ҳосил бўлган иммунитетни енга олишини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, Гонконг университети олимлари коронавирусининг “omicron” штаммини енгиш учун янги авлод вакциналарини ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлаган.

Озода Чориева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 41
Рейтинг: 3
t
×