Ҳамма истеъфога чиқиб кетса, ким ишлайди? – Энергетика вазири истеъфога чиқиш ҳақидаги саволга жавоб берди
Жамият
−
26 Ноябрь 2020
10264Айни кунларда республика ҳудудларида газ ва электр энергиясидаги узилишлар, айниқса, чекка қишлоқларга суткалаб газ ва электр энергияси етиб бормаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар бўлмоқда.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида кеча, 25 ноябрь куни Энергетика вазири Алишер Султонов, вазир ўринбосарлари Шерзод Хўжаев, Беҳзод Норматов, “Ҳудуд газ таъминот” АЖ бошқарув раиси Баҳодир Эшмуродов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раиси Улуғбек Мустафоев иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Энергетика вазири Алишер Султонов истеъфога чиқиш масаласидаги саволга жавоб қайтарди.
“Ўйлайманки, ҳар бир раҳбар истеъфо масаласида жавоб беришга тайёр. Ишга келганимизда шунга тайёр бўлиб келганмиз. Гап бунда эмас. Гап шундаки, ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутахассис ўзининг жойида, ўз ишини неча фоиз бажаряпти? Қанчалик ўз ишига берилиб ишлаяпти? Ўйлайманки, 24 соат ишда бўлиш ҳам осон эмас”, дейди вазир.
Алишер Султонов сўзида давом этиб, тизимда камчиликлар кўп эканини тан олди. Шунингдек, Ўзбекистонда бу соҳада мутахассислар камлиги ва ҳеч ким ўз жойини ушлаб олмаганини таъкидлади.
“Тўғри, камчиликлар жуда ҳам кўп. Лекин ҳозир ҳамма истеъфога чиқиб кетса, ким ишлайди? Мутахассислар ўзи қолмаяпти. Ҳеч шубҳасиз, ҳеч ким ўз жойини ушлаб олгани йўқ. Лекин қандай қийин бўлмасин ҳамма ўз ишини қилиши керак, ҳамма ўз аравасини тортиши керак. Биз ҳам шу ишни қиляпмиз”, дейди Алишер Султонов.
Эслатиб ўтамиз, Алишер Султонов матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ мухбирининг саволига жавоб бериб, халқни рози қилиш жуда ҳам қийин эканини таъкидлади.
Шунингдек, анжуманда иштирок этган Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов Ўзбекистонда 2025 йилгача бозор тамойилларига асосланган энергетика бозори ташкил қилиш режалаштирилганини айтди.
Анжуманда мамлакатнинг энергетика соҳаси раҳбарлари Ўзбекистон “Лукойл” компаниясидан қарздор бўлиб қолгани ҳақидаги хабарларга ҳам муносабат билдирди. Алишер Султонов Ўзбекистон ҳеч қачон “Лукойл”дан қарздор бўлмаганини алоҳида таъкидлади.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси