ҲАМАСнинг “боши” танасидан жудо қилинди
Таҳлил
−
31 Июль 2024 12813 7 дақиқа
Бугун, 31 июль куни Яқин Шарқда тонг яна бир можаро билан қарши олинди. Ливан ва Исроил чегарасидаги кескинлик ва Исроилнинг Ливан пойтахти Байрутга берган зарбасидан бир лаҳза ўтиб ҲАМАС ҳаракатининг мияси Исмоил Хония йўқ қилинди. Мудҳиш воқеа Эрон пойтахти Теҳронда содир бўлди. Исроилнинг Фаластин халқи ва Ғазо секторига бўлган тажовузига қарши асосий қалқон бўлиб турган Хония энди сиёсий майдонда мавжуд эмас.
Суиқасд тафсилотлари
Марҳум ҲАМАС бюроси етакчиси Исмоил Хония кеча ҳаётидаги энг сўнгги ташрифини Теҳронга қилганди. У янги сайланган Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида қатнашиш учун мамлакат пойтахтида ҳозир бўлганди. Шу куни Хонияни Эрон парламентида форс қонунчилари қуршовидаги қизғин суҳбатда кўриш мумкин эди. Инаугурация тадбиридаги фотоматериалларда Исмоил Хония маросимни Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яқин Шарқдаги бир неча ҳаракат раҳбарлари билан бирга энг олд қаторда кузатаётгани акс эттирилганди. Улар орасида Яман ҳусийлари, Фаластин Исломий Жиҳод ташкилоти ва “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори мартабали раҳбарини ҳам кўриш мумкин. Исмоил Хонияга қарши уюштирилган суиқасд эса расмий тадбирлардан сўнг, 31 июлга ўтар кечаси тунда содир этилди. У билан бирга воқеа жойида бир нафар тан соқчиси ҳам вафот этгани айтилмоқда. Воқеа тафсилотларига кўра, у мавжуд бўлган бинога ҳаво ҳужуми уюштирилган. Эрон ислом инқилоби корпуси бу ҳаракатда Исроилни айблади, аммо расмий Тель-Авив корпуснинг ушбу айбловига ҳозирча расмий муносабат билдирганича йўқ. Бироқ шундай бўлишига қарамай, ўтган йили 7 октябрда икки ўртада кенг кўламдаги уруш бошланганда Исроил расмийлари ўз халқига ҲАМАС ва унинг раҳбарларини йўқ қилишга ваъда берганди. ҲАМАС ҳаракатига тегишли матбуот хизмати ҳам ушбу суиқасдда Исроил кучларини айблади.
Айни дамда ушбу ўта махфий операция ташкиллаштирилган жой ёки бино ҳақида дунё ОАВлари томонидан бир қанча чалғитувчи маълумотлар сиздирилмоқда. Аммо Эрондаги ишончли маҳаллий ахборот агентликлари суиқасд Теҳрондаги уруш фахрийлари учун мўлжалланган бинода тунги соат 02:00 лар атрофида бўлганини ёзишмоқда. ҲАМАС ҳаракати расмий баёнотда сиёсий бюро раҳбарининг ўлимини тасдиқлади. Эроннинг қоқ маъмурий марказида уюштирилган мазкур қотиллик айни дамда Ислом Республикасининг хавфсизлик тузилмалари учун шармандалик сифатида баҳоланмоқда. Аммо маҳаллий ахборот агентликлари шу кунги ҳаво ҳужуми “Эрон ичидан эмас, балки ташқарисидан учирилган ракета билан амалга оширилган”ини иддао қилишмоқда. Воқеа атрофидаги сўнгги хабарларда маълум қилинишича, Исмоил Хония 2 августда жума намозидан кейин Қатар пойтахти Доҳада дафн этилади.
Хония ким эди?
Ўз сиёсий ҳаёт йўлида 35 йилдан буён тин олмаган ёки сокин даврлари деярли йўқ бўлган Исмоил Хония 1980 йиллар охирида ҲАМАСнинг таниқли аъзоси бўлиб улгурганди.
Аммо 1988 йилда Исроил ҳукумати Хонияни 1987-1993 йилларда Исроил давлатига қарши Фаластин халқининг биринчи норозилик ҳаракатида иштирок этгани учун ҳибсга олди. У олти ойга қамалган. Иккинчи ҳибсга олиш 1989 йилда содир бўлди. Бу сафар у бир қатор ҲАМАС етакчилари билан бирга Исроил ва Ливан ўртасидаги овлоқ ва кимсасиз ерларга сургун қилинди
1993 йилда Хония Ғазога қайтишга муваффақ бўлди.
У 2006 йилда миллий сайловларда энг кўп ўринларни қўлга киритганидан сўнг Президент Маҳмуд Аббос томонидан Фаластин Бош вазири этиб тайинланган эди. Бироқ бир йил ўтиб, ҲАМАС гуруҳи бир ҳафталик ҳалокатли зўравонликларда Аббоснинг Фатҳ партиясини Ғазо секторидан сиқиб чиқарганидан сўнг лавозимидан озод этилди. Бироқ ўша вақтларда Исмоил Хония ўзининг ишдан бўшатилишини “конституцияга зид” дея рад этиб, унинг ҳукумати “Фаластин халқи олдидаги миллий масъулиятидан воз кечмаслигини” айтган ва Ғазода ҳукмронликни давом эттиришини таъкидлаган. У 2017 йилда ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланди. Аммо бу воқеадан бир йил ўтиб, 2018 йилда АҚШ Давлат департаменти ҲАМАС етакчисини террорчилар рўйхатига киритди. Шундай бўлса-да, у ўз фаолиятини тўхтатмади. Анча йиллардан буён Исроилнинг Фаластин ва Ғазо секторига бўлган тажовузларига қарши йирик ва оғриқли урушлар олиб борди. Бу қаршилик ҳаракати эса ортда қолган 10 ойда ўзининг энг юқори чўққисига чиққанди. 2023 йил октябрда ҲАМАС Исроилнинг минтақадаги провокацияларига чек қўйиш учун Нетаньяхунинг агрессив ҳукумати танобини тортиб қўйиши мумкинлигини маълум даражада исботлади. Сўнгги бир неча йиллар давомида Қатарда яшаб келаётган Исмоил Хония ҲАМАС қаршилик ҳаракати дипломатиясининг юзи бўлиб келаётганди. Аммо у энди йўқ.
У қаҳрамонмиди?
Исроилнинг Ғазодаги қирғини давомида ҲАМАСнинг қаршиликлари ва Хониянинг харизмаси ушбу ҳаракат бюросининг обрўсини анча ошириб юборди. 62 ёшли лидер кўпчилик кўз ўнгида ҲАМАСнинг умумий раҳбари сифатида гавдаланди. Исмоил Хония можаро давомида жуда кучли характерга эга шахс сифатида ёдда қолди. Бу унинг ўз оила аъзолари Исроил босқинчилари томонидан бирин-кетин қириб ташланаётган бўлишига қарамай, зиммасига олган масъулиятни давом эттирганида намоён бўлди. Хусусан, жорий йилнинг 10 апрелида Исроил армияси Ғазодаги “Ал-Шати” қочқинлар лагерида унинг оила аъзолари бўлган машинага ҳужум қилди. Ҳаво ҳужуми оқибатида Хониянинг уч ўғли Ҳазим, Амир ва Муҳаммад ҳамда улар билан тўрт нафар набираси ҳам ҳалок бўлганди. Исроил матбуоти эса Хония ўғилларининг ўлдирилиши Исроил армияси ва разведкаси ҳамкорлигида амалга оширилгани ҳақида хабар берганди. Исмоил Хония ушбу воқеликни тушунтирар экан, унинг ўғиллари Ғазони энг оғир паллаларда ҳам ташлаб кетмагани ва қаҳрамонларча ҳалок бўлганини таъкидлаганди. Ўша пайтда ҲАМАС лидерининг ушбу оғир жудоликка бўлган ўта совуққон ва қатъий муносабати дунёни ҳайратга солди. Хония мазкур хабарни қуйидагича қарши олганди. У “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида қуйидаги таъсирли сўзларни айтганди.
“Оиламнинг ўлими ҲАМАСни Исроил билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни юмшатишга мажбурламайди. Душман раҳбарларнинг оилаларини нишонга олиб, уларни халқимиз талабларидан воз кечишга ундайди, деб ҳисоблайди. Ўғилларимни нишонга олиш ҲАМАСни ўз позициясини ўзгартиришга ундайди, деб ишонган одам адашади... Ўғилларимнинг қони халқимиз қонидан азиз эмас”.
ҲАМАС тўхтайдими?
Исмоил Хониянинг ўлдирилиши ортда қолган соатларда ҳали кенг дунё ҳамжамияти томонидан ҳалокат сифатида кўрилганича йўқ. Бунга эса кўп эҳтимол унинг АҚШ “қора рўйхат”идан ўрин олганлиги билан изоҳлаш мумкин. Аммо шундай бўлишига қарамай, Россия, Туркия ва воқеа содир бўлган Эрон бу ишни қоралаб чиқди. Россия Федерацияси бу ҳужумни “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган” деб таърифлаган бўлса, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳужум “Ғазодаги урушни минтақавий даражага” оширганини айтди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса воқеага муносабат билдирар экан, Хониянинг “шаҳидлиги” Теҳрон, Фаластин ва ҲАМАС ўртасидаги чуқур ва узилмас ришталарни мустаҳкамлашини таъкидлади. Бу ҳозиргача бўлган вақт давомида расмий марказлар томонидан билдирилган баёнотлар эди.
Аммо ҲАМАС келажаги ва унинг кейинги ҳаракатлари қандай йўналиш олиши ҳақидаги долзарб саволларга жавоб берган баёнотлар ҳаракатнинг бошқа раҳбарлари ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган бир қанча кучлар томонидан янгради. Хусусан, гуруҳнинг сиёсий бюроси аъзоси Мусо Абу Марзук бу ҳаракат жавобсиз қолмаслигини айтди. ҲАМАСнинг яна бир юқори мартабали расмийси Сами Абу Зуҳрий эса ҳаракат “ўз йўлида давом этишини” қатъий таъкидлади. Яна бир йирик Исроилга қарши бўлган ташкилотлардан бири “Ҳизбуллоҳ” ҲАМАС етакчисининг ўлдирилиши “қаршилик жабҳаларидаги барча жангчиларнинг қатъияти ва шижоатини оширади” дея таъкидлади. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳаётини Исроилга қарши курашда ўтказган “бу жасур жангчининг соф қони ҳеч қачон зое кетмаслигини” айтиб, Исроилни ҳушёр торттирувчи баёнот берди. Ислом Республикасининг Миллий Хавфсизлик Кенгаши эса суиқасд “қизил чизиқдан” ўтганини ва бу “душманга жуда қимматга тушишини” жиддий оҳангда таъкидлади.
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг ўлими учун Исроилдан қасос олишга ваъда берди.
“Бу ҳаракати билан жиноятчи ва террорчи сионистик режим оғир жазога сабаб бўлди ва биз Эрон Ислом Республикаси ҳудудида шаҳид бўлган шахснинг қони учун қасос олишни ўз бурчимиз деб биламиз”, дейди Хоманаий.
Кўриниб турибдики, Хониянинг ўлими Исроил учун бирон бир енгиллик тақдим қилиши даргумон. Исроил учун бу воқеадан орттирилган ягона натижа бу унга қарши бўлган кучларнинг янада жонланиши, ҳушёр тортиши ҳамда нафрат ва жазавасига керосин сепишига олиб келиши мумкинлигидир. Яқин Шарқда сиёсат қозони қайнашда давом этади.