ҲАМАС Ғазо устидан ҳукмронликни топширишга тайёр – ОАВ

Олам

image

Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Ғазо секторидаги ҳокимиятни Фаластин Миллий маъмуриятига топширишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Sky News Arabia” хабар берди.

Қайд этилишича, ҲАМАС бунинг учун шарт қўймоқда. Унга кўра, янги маъмуриятда гуруҳнинг иш ўринлари сақлаб қолинади ёки ходимлар нафақага чиқарилиб, уларга кафолатланган тўловлар тақдим этилади.

Манбаларга кўра, бу позиция ҲАМАС томонидан Фаластинни озод қилиш ташкилотига (PLO) юборилган мактубда баён этилган. Телеканал маълумотларига кўра, бундай қарорга келишда Мисрнинг босими муҳим роль ўйнаган.

“The Guardian” нашрига кўра, Ғазо секторида ҲАМАСнинг мавжудлиги баҳсли масала. Нашр экспертларнинг фикрларига таяниб, гуруҳ жамоатчилик фикрига боғлиқлиги сабабли муросага борганини қайд этади. Европа Ташқи муносабатлар кенгашининг Фаластин сиёсати бўйича мутахассиси Ҳю Ловаттнинг сўзларига кўра, ҲАМАСни Ғазодаги аҳоли орасида 35 фоиз одам қўллаб-қувватлайди.

Олдинроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҲАМАС “бошқаришга, маъмурият юритишга ёки зўравонлик билан таҳдид қилишга қодир куч сифатида” сақланиб қолаётган экан, тинчликка эришиш имконсиз эканини айтганди. У гуруҳни бутунлай йўқ қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Маълумот учун, Фаластиндаги асосий кучлар – ҲАМАС (Ғазо секторини бошқаради) ва PLO (Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини бошқаради ва у FATH томонидан ташкил этилган) ҳисобланади. Уларнинг ўртасидаги келишмовчилик 1980 йиллардан бери давом этмоқда. PLO қуролли усуллардан воз кечиб, Исроил билан музокаралар йўлини танлаган бўлса, ҲАМАС қуролли кураш тарафдори бўлиб қолган. ҲАМАС 2007 йилда FATH билан қуролли тўқнашувдан сўнг Ғазо секторида ҳокимиятни қўлга олган.

Ўтган ёзда ҲАМАС ҳамда яна 13 та фаластин фракцияси миллий маъмурият тузиш бўйича келишувга эришган. PLO эса “Фаластин халқининг ягона қонуний вакили” деб эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС ҳаракати Исроил билан сулҳ доирасидаги гаровдагиларни алмашишнинг олтинчи босқичида уч нафар исроилликни озод қилиб, уларни Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларига топширган эди. Бунга жавобан Исроил 369 фаластинлик маҳбусни озод қилган. Бу маҳбуслар Исроил томонидан асоссиз айбловлар ёки суд ҳукмисиз қамоқда сақланган. Ушбу алмашинув сулҳ тузилгандан бери энг йирик озодлик операцияси бўлган.

Маҳбусларнинг аксарияти Ғазода ҳибсга олинган ва яна ўша ерга қайтарилган. Маҳбусларнинг 10 нафарга яқини босиб олинган Ғарбий Соҳилга, бири босиб олинган Шарқий Қуддусга, қолганлари эса Миср орқали бошқа қабул қилувчи давлатларга жўнатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг