ҲАМАС гаровга олинганларни озод қилишга рози бўлди, фақат...
Олам
−
15 Ноябрь 2023
13397Қатар воситачилари ҲАМАС ва Исроил ўртасида уч кунлик сулҳ эвазига гаровга олинган 50 га яқин тинч аҳолини озод қилишни ўз ичига олган келишувга эришишга яқин турибди. Бу ҳақда бугун, 15 ноябрь куни музокаралар боришидан хабардор расмийга таяниб, “Reuters” хабар берди.
“Муҳокама қилинаётган ва АҚШ билан келишилган битимга кўра, Исроил қамоқхоналардаги баъзи фаластинлик аёллар ва болаларни озод қилиши ва Ғазога юбориладиган инсонпарварлик ёрдами миқдорини ошириши ҳам кўзда тутилган”, деган исми ошкор этилишини хоҳламаган расмий.
ҲАМАС эса бунинг эвазига 50 га яқин гаровдаги шахсларни озод қилади. Бу 7 октябрдан бери ҲАМАС томонидан гаровга олинганларнинг энг катта миқдорда озод этилишини англатади.
“ҲАМАС бу келишувнинг умумий контурларига рози бўлди, бироқ Исроил рози эмас. У ҳали ҳам тафсилотларни муҳокама қилмоқда”, дейди расмий.
Унинг айтишича, муҳокама қилинаётган келишув доирасида Исроил қанча фаластинлик аёллар ва болаларни қамоқхоналардан озод қилиши номаълум. Шу билан бирга, келишув ҲАМАСдан Ғазода гаровга олинган тирик фуқароларнинг тўлиқ рўйхатини топширишни талаб қилади.
“Барча гаровга олинганларни озод қилиш ҳозирча муҳокама қилинмаяпти”, дейди агентлик манбаси.
Бироқ, Исроил томони ҳар қандай шароитда ҳам ўқ отишни тўхтатишни хоҳламаяпти.
“Агар биздан гаровга олинганларни қайтариш учун жангни тўхтатиш талаб этилса ҳам, ўз мақсадларимизга эришмагунимизча жанг ва урушни тўхтатиб бўлмайди”, деган Исроилнинг фавқулодда тузилган Вазирлар Маҳкамаси аъзоси Бени Ганц.
Эслатиб ўтамиз, 15 ноябрга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги “Аш-Шифа” тиббиёт маркази ҳудудида қуруқликдаги операцияни бошлаганди. Исроил мудофаа кучлари шифохонада ҲАМАСнинг асосий қўмондонлик штаб-квартираси жойлашгани, шунингдек, тиббиёт маркази остида 200 га яқин ҲАМАС тарафдорлари яширингани ва 7 октябрь куни ўғирлаб кетилган гаровга олинганлар сақланаётган бир неча ерости мажмуалари ва туннель борлигини даъво қилганди.
LiveБарчаси