ҲАМАС гаровдагиларни озод қилиш учун доимий ўт очишни тўхтатишни талаб қилмоқда
Олам
−
13 Июнь
2687Гаровга олинганларни озод қилиш бўйича битим тузиш учун ҲАМАС тўлиқ ва доимий ўт очишни тўхтатишни талаб қилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Times of Israel” газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҲАМАС Исроил расмийларидан ўт очишни тўхтатиш кафолатини беришни талаб қилган. Исроил эса таклиф қилинган келишувнинг биринчи босқичида атиги олти ҳафталик сулҳ таклиф қилмоқда. Бу вақт ичида Исроил ва ҲАМАС доимий ўт очишни тўхтатишни ўз ичига олган иккинчи босқич шартларини келишиб олиши керак.
Исроил таклифи музокараларни давом эттириш учун олти ҳафталик сулҳни узайтириш имконини берса-да, ҲАМАС вақтинчалик чеклов Исроилга жанговар ҳаракатларни давом эттириш ва келишувни бузиш учун баҳона топиш имконини беради, деган хавотирда.
31 май куни АҚШ Президенти Жо Байден Ғазода тинчлик ўрнатиш бўйича уч босқичдан иборат янги келишув лойиҳаси шартларини эълон қилди. Биринчи босқич олти ҳафтага мўлжалланган бўлиб, тўлиқ ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларини аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетиш, Исроил қамоқхоналаридаги юзлаб фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод этишни назарда тутади. Шунингдек, бу даврда томонлар музокараларни бошлашлари керак ва ўзаро келишувга эришилгунга қадар сулҳ амалда қолади. Иккинчи босқич барча гаровга олинганларни, жумладан, ҳарбий хизматчиларни ҳам озод қилишни назарда тутади. Учинчи босқич – Ғазо секторини тиклаш ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини яқинларига топширишни ўз ичига олади.
11 июнь куни ҲАМАС ушбу ташаббусга жавобини Қатар ва Миср воситачиларига топширилганини эълон қилди ва анклавдаги урушни тугатиш бўйича келишувга эришиш учун ижобий чора кўришга тайёр эканини билдирди. Қўшма Штатлар, Миср ва Қатар жавоб олинганини тасдиқлади ва Ғазодаги можаро томонлари ўртасида келишув тузилмагунча воситачилик ҳаракатларини давом эттиришга ваъда берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь