Ҳали ҳеч бир давлат Украинага қирувчи самолётлар ваъда қилмади – Кулеба
Олам
−
17 Февраль 2023
4416Киев ҳозирча ҳеч қайси давлатдан қирувчи самолётлар етказиб бериш бўйича ваъда олмаган. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба бугун, 17 февраль куни Funke нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
“Шу пайтгача ҳеч бир давлат қирувчи самолётлар етказиб бериш мажбуриятини олмаган. Аммо Буюк Британия каби баъзи давлатлар ҳукуматлари украиналик учувчиларни тайёрлаш ҳақида эълон қилган, бошқалари эса тез орада буни амалга оширади”, деган Кулеба.
Унинг сўзларига кўра, қирувчи самолётлар қарши ҳужум учун муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Украина биринчи навбатда, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия қирувчи самолётларига қизиқиш билдирмоқда.
Шунингдек, Кулеба Москва билан музокараларни бошлаш шартини ҳам айтган. Унга кўра, Россия билан ҳар қандай музокаралар бошида Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тўлиқ тикланиши бўлиши керак.
“Менга дипломатик ташаббуслар орқали тинчликка эришмоқчи бўлганлар ёқади, чунки мен ўзим дипломатман. Бироқ бундай ташаббус қандай амалга ошиши мумкин? Тинчлик баҳоси Россиянинг босиб олинган ҳудудларда қолишига тенгми?” деган Кулеба.
У, шунингдек, тинчлик ва дипломатия талаб қиладиган кўпчилик Украина мағлуб бўлишини хоҳлашини таъкидлаган.
Жорий йилнинг 31 январь куни АҚШ Президенти Жо Байден Вашингтон F-16 қирувчи самолётларини Украинага бермаслигини айтган эди. Кeйинчалик Буюк Британия Бош вазири матбуот котиби ҳам ҳукумат қирувчи самолётларни Украинага ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилмагани ва бу масала турли томонлардан ўрганилишини маълум қилган. Ўз навбатида Германия канцлери Олаф Шольц ва мудофаа вазири Борис Писториус Германия Украинага қирувчи самолётлар етказиб бермоқчи эмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский шу ой бошида Европа бўйлаб сафар қилиб, ЕИ етакчиларидан Украинага кўпроқ ҳарбий ёрдам, хусусан, қирувчи самолётлар беришини сўраган эди. Бироқ ташрифдан сўнг, Франция қирувчи самолётлар мудофаа эмас, балки ҳужум қуроли экани важи билан, Германия эса бу масала ҳозирда кун тартибида эмаслиги баҳонаси билан Украинага уларни жўнатмаслигини маълум қилган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь