“Ҳақиқатларни очиш вақти келди”. Шаҳзода Муҳаммедова “Imarat” бўйича мурожаат билан чиқди (видео)
Жамият
−
20:13 4600 7 дақиқа
“Imarat Devolopment” лойиҳаси эгаси Марат Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи, актриса Шаҳзода Муҳаммедова қурилиш лойиҳасидаги можаро юзасидан видеомурожаат эълон қилди. Ўз мурожаатида у, асосан, Марат Ҳамдамов ва лойиҳадаги яна бир таъсисчи Жасур Азизов ўртасидаги келишмовчилик ҳақида тўхталган.
“Ваниҳоят асл ҳақиқатларни очиш вақти келди. Жасур Азизов ўзининг молиячиси Ҳилола билан биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ва ўзининг жамоаси билан фитна қилган ҳолда, турмуш ўртоғим ҳамда менинг юзимдан фойдаланди. Бу ерда Марат Хайруллаевич фақатгина “face” эмас, аслида “face”, амбасадор менман. Бу ерда Марат Хайруллаевич инвестор. У сотув бўлимининг офисини ҳам бошқарган ва қурилиш объектларини ҳам бошқарган”, дейди Шаҳзода Муҳаммедова.
У мурожаатида Жасур Азизов, шунинглек, ўзи ва Марат Ҳамдамовга доир чет элда сотиб олинган мулклар ҳақида ҳам гапирган.
“Жасур Азизов чет эллардан олган уйлари: Германиядаги, Лондондаги, Дубайдаги, Туркиядаги кўчмас мулклари билан овора бўлиб, фақатгина шаҳарма-шаҳар юрди. Турмуш ўртоғим тун-у кун мана шу компаниянинг равнақи учун ўзининг жонини тикди, умрини тикди, соғлиғини тикди. Тун-у кун ухламасдан фаолият юритди. Ҳаттоки оиласини ҳам эсламаган вақтлари бўлди. Давлат айтяпти, халқ айтяпти: “Марат Хайруллаевич “мошенник”, Шаҳзода Муҳаммедова “мошенник”, деб. Очиғини айтадиган бўлсам, ўзимни ҳайдаб юрган машинам ҳам ҳали ўзимнинг номимга тўлиқ ўтказилмаган.
Дубайдан олинган уй ҳам ўзимнинг ёки Марат Хайруллаевичнинг номида эмас, балки Жасур Азизовнинг номида. Сабаби, буларнинг ўртасида шунақанги келишув бўлганки, “Марат келишиб оламиз ва охирида сенинг номингга ўтказаман, бу ўзимизнинг топган меҳнатларимиз”, деб кўплаб ваъдаларни берган. Марат Хайруллаевич манашу компанияда неча йилдан бери ўз фаолиятини юритаётган бўлса, ундан олдин бизнинг оилавий эришган мулкларимиз ва оилавий қилган меҳнатимиз – биргина Ўзбекистондаги уйимиз”, дейди Шаҳзода Муҳаммедова.
Шунингдек, актриса мурожаатида тармоқ фойдаланувчиларининг ўзига нисбатан қилаётган даъволарни рад этган.
“Агар биз ҳақиқатдан ҳам “мошенник” бўлсак, агар ҳақиқатдан ҳам биз товламачи бўлсак, компаниядан жуда катта миқдордаги пулларни ечиб олган бўлсак, шу кунгача катта-катта участкаларда яшаётган бўлмасмидик? Мана кўпчилик “Шаҳзода Муҳаммедова чет элма-чет эл юрди”, деган фикрларни ҳам айтишяпти. Мен турмушга чиққунимга қадар, Марат Хайруллаевичгача ҳам зиёли, бадавлат оиланинг фарзанди бўлганман. Дунёнинг кўплаб давлатларини кўрганман, ўзига тўқ хонадоннинг фарзанди бўлганман.
Ҳаттоки очиғини айтаман, керак бўлса, Марат Хайруллаевич қийналиб қолган ҳолатларида ҳам аёли сифатида молиявий тарафдан ёрдам берганман. Мен худди қиморга тикиб юборилган ўзимнинг юзимни, репутациямни орқасидан жуда ҳам катта жабр кўрдим. Шу ўринда мен бир нарсани айтмоқчиман: бу кунлар синовли кунлар, ўтади кетади. Аллоҳ айтган, синов абадий эмас, қийинчиликлар абадий эмас, инсон барибир қачондир рўёбга чиқади, ёруғликка чиқади. Мен Ўзбекистонда қонун ишлашига ва адолат қарор топишига 100 фоиз ишонаман. Чунки шу кунгача давлат қарор чиқарган бўлса, ҳар доим адолатли юрган ва қонун устуворлиги ҳар доим ишлаган”, дейди актриса.
Бундан ташқари, у Жасур Азизовнинг учта давлатда фуқаролик паспортлари борлигини ва яқинда Лондон шаҳридан турмуш ўртоғига 12 миллион доллар миқдоридаги кўчмас мулкни сотиб олганини очиқлаган.
“Жасур Азизов шу пайтгача фақатгина чет элда юрганининг сабаби – учта давлатда фуқаролик паспортлари, кўчмас мулклари бор. Охирги вақтда Англиянинг Лондон шаҳридан турмуш ўртоғига 12 миллион доллар миқдоридаги кўчмас мулкни сотиб олган. Кўриб турибсиз ва бундан ташқари қанча ишлари бор. Марат Хайруллаевич билан ишлашдан олдин ҳам Германиядаги ҳамкори ва Ўзбекистондаги бошқа ҳамкорлари, бетон заводдаги ҳамкорлари билан ҳам худди шундай стратегик ўйинларни бажарган”, дейди Марат Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи.
Шаҳзода Муҳаммедованинг айтишича, Марат Ҳамдамов ҳамма исбот материалларни унинг қўлига ташлаб кетган.
Мен кутдим шу пайтгача, ошкор қилмадим. Мана энди ҳамма материал қонун доирасида давлатга топширилган, булар ҳаммаси кўриб чиқилади.
Жасур Азизов бош ҳисобчи Ҳилола ва ўзининг ҳамтовоқлари билан биргаликда компаниядан тушган пулларни ўзининг қариндошларини ҳисоб рақамларига ҳайдаб юрган. Халқнинг бошига тушган ушбу кулфатдан мен қаттиқ афсусдалигимни билдирмоқчи эдим. Сабаби, халқ қай даражада жабр кўрган бўлса, биз ҳам худди шунақа жабр кўрдик. Ушбу инсоннинг қилган турли хил системаларидан, турли хил мана шунақа қаллоб ишларидан”, дейди актриса.
Шу билан бирга, у Жасур Азизов Дубайдан Германияга учаётганда Интерпол орқали давлат томонидан қўлга олиб олинганини айтган.
“Агар халқ айтгандек, мен ва турмуш ўртоғим фирибгар бўлганда, компаниядан пулни олиб чиқиш режасида бўлганимизда, ҳозир биз Ўзбекистонда эмас, балки чет элда бўлардик. Аслида чет элда ким бўлди? Мана шу ҳолатда Марат Хайруллаевични давлат ўз қарамоғига олишидан аввал ҳам биз Ўзбекистонда – ўз уйимизда эдик. Жасур Азизов эса Дубайдан Германияга учаётганда Интерпол орқали давлат томонидан қўлга олиниб, келтирилган. Ҳозирда тергов жараёнида.
Жасур Азизов ғирром ўйин қилмаганда, Марат Хайруллаевични ўйиндан чиқармаганида, Марат Хайруллаевичнинг рухсатисиз компания номини ўзгартирмаганда бунақа ҳолат юзага келмасди.
Неча маротаба бу таклифни берган, менда аудио ёзувлар ҳам бор, халқ эшитиши мумкин. “Марат, компания номини ўзгартирайлик, чунки бизга давлат кредит бермаяпти, агар биз номини ўзгартирсак, давлатдан кредит ола олардик”, деган фикрларни кўп маротаба айтган.Номи ўзгаргандан кейин халқ келиб, нимага номи ўзгарди деганда, унинг режаси шунақа бўлганки, Марат Хайруллаевич бу компанияда шунчаки оддийгина юз эди, оддийгина ходим бўлган. Биз мана энди компанияни ўзимиз олдик, янги инвесторлар билан уйларни қуриб топширамиз, хавотир олманг”, концепциясида ва стратегиясида иш олиб бормоқчи бўлишди. Афсуски, халқ ҳам содда эмас, халқ ҳам оми эмас. Компания номи тубдан ўзгариши, Марат Хайруллаевич ўз-ўзидан йўқ бўлиши, бу ўзидан-ўзи содир бўлмайди-ку”, дейди актриса.
Бундан ташқари, у мана шунинг оқибатида ташқарида одамлар кўтарилганини айтган.
“Мана шунинг оқибатида ташқарида оломон кўтарилди, турли хил мана шунақа можаролар бўлди, оломон ҳақиқатдан ҳам кўтарилди ва бу ҳодисаларда халқнинг айби йўқ. Мен халқ билан биргаман. Халқ ҳақиқатдан ҳам қийналиб, ижарада яшаб бўлса ҳам мана шу уйларни олган.
Менинг айбим мана шу компанияга ишонч белгиси бўлганим, мана шу компаниянинг юзи бўлганим. Жасур Азизовнинг аввал бошидан ҳам Марат Хайруллаевични бизнесдан улоқтириб, уни қаматиш режаси бўлганининг исботи, мана шу халққа биз Марат Хайруллаевичнинг ўмарган пулларини биз тўлаб беряпмиз, қайтариш деган мана шунақа ҳолатда иш юритишди-да булар. Бошқа инсонларни раҳбар қилиб қўйишди компанияга, биз янги инвестор жалб қилганмиз деб халқни алдашди, ҳақиқатдан ҳам худди шунақа бўлди”, дейди Шаҳзода Муҳаммедова.
Шунингдек, у Аллоҳ олдида ҳам, Қуръон ушлаб қасам ичишини айтган.
“Аллоҳ олдида ҳам, Қуръон ушлаб қасам ичаман, Марат Хайруллаевич давлатдан ортиқча пул ечмаган. Уйимизда ҳатто ортиқча пул ҳам турмаган”, дейди у.
Бундан ташқари, актриса Жасур Азизовнинг етарли даражада мол-мулки ва имконияти борлигини, халққа пулини ёки уйини қилиб беришга қодир эканини билдирган.
“Халқимга айтмоқчи бўлган гапим шуки, ҳеч ким хавотир олмасин. Жасур Азизовнинг етарли даражада мол-мулки ва имкониятлари бор. Ким пулини олмоқчи бўлса пулини ёки уйини қилиб беришга қодир. Ушбу ҳолатлар юзасидан иккита таъсисчининг келишмовчилиги сабабли халқимиз ва жумладан мен жабр кўряпман ва бу учун халқимдан чуқур узримни сўраб қоламан”, дейди Марат Ҳамдамовнинг турмуш ўртоғи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ИИББ тергов бошқармаси офиси Сергели туманидаги Буюк авлод шоҳ кўчасида жойлашган “Imarat Development” масъулияти чекланган жамият раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатганди.
Кейинроқ, “Imarat Development” қурилиш лойиҳаси эгаси Марат Ҳамдамов ва Жасур Азизов Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилаётган жиноят ишида гумонланувчи тариқасида жалб этилгани ва Жиноят-процессуал кодекснинг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушлангани маълум бўлди.
Live
Барчаси