Ҳафтанинг драматик якуни: Италия ва Аргентина тенгсиз, Конор эса Трампнинг кўз ўнгида “синди”

Спорт 12731
image

Ўтган ҳафта спорт оламида энг муҳимларидан бири бўлди. Футбол бўйича Европа чемпионати ва Америка кубогининг финал учрашуви, теннис бўйича катта дубулға туркумига кирувчи “Уимблдон” турнирининг финал ўйини ҳамда ММА спортидаги азалий рақиблар Дастин Порье ва Конор Макгрегорнинг трилогия жанги ўрин олган UFC 264 мусобақаси бўлиб ўтди. Уларнинг барчаси кеча, 11 июль куни ўтказилди ва спорт мухлислари учун ўзига хос байрам сифатида қабул қилинди.

Дунё рейтинги етакчиларига аталган — “Уимблдон”

Лондон шаҳрида жорий йил 21 июнидан 11 июлига қадар “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Уимблдон” турнири бўлиб ўтди. Унда дунёнинг энг кучли ракетка усталари ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Аёллар ўртасидаги беллашувларда жаҳоннинг биринчи рақамли теннис маликаси австралиялик Эшли Барти финалда чехиялик Каролина Плишковани уч сетда  6:3, 6:7, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди. 

Эркаклар ўртасидаги яккалик баҳслари кутилганидек, жаҳоннинг биринчи ракетка устаси, сербиялик Новак Жоковичнинг ғалабаси билан якунланди.  У финалда италиялик маттео Берреттини устидан тўрт сетда 6:7, 6:4, 6:4, 6:3 ҳисобида мағлуб этиб. Мавсумдаги учинчи “Улкан тож” туркумига кирувчи мусобақада зафар қучди ва умумий 20 совринини қўлга киритди. Бу кўрсаткич эвазига Рафаэль Надаль (Испания), ҳамда Рожер Федерер (Швейцария) билан тенглашиб олди. Мавсумнинг тўртинчи йирик мусобақаси “АҚШ очиқ чемпионати” қандай ўтишини тасаввур қилиш қийин эмас. 

Мусобақа ғолиблари 2000 рейтинг очкоси ва 2 300 000 доллардан зиёд пул мукофотига эга бўлдилар.

Рақибнинг бўйнини узиб олмоқчи бўлган Конорни замбилда олиб кетишди

ММА спортининг энг нуфузли промоушени — UFC ўзининг рақамли мусобақалари орқали дунёнинг энг томошабоп воқелигига айланиб улгурди. UFC 264 турнири шов-шувли воқеаларга бой бўлди. Бутун дунёда ўз мухлисларига эга бўлиб улгурган спорт турига дунёнинг машҳур инсонлари ҳам бефарқ эмас. Масалан АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп ушбу жанг кечасида қатнашди. Албатта, мухлис сифатида.

Енгил вазн тоифасининг биринчи рақамли спортчиси, америкалик Дастин Порье икки вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони, дунёнинг энг бадавлат спортчиларидан бири, Конор Макгрегорни биринчи раунддаёқ техник нокаутга учратди. Макгрегор, жангдан аввал Порьенинг оиласини ва ўзини хақоратлаган эди. “Даймонд” эса ўзини анча сокин тутди. 

Кўпчилик мутахассислар дастлабки раундда Конорнинг устунлик қилишини, кейинги 5 дақиқаликларда эса Порьеда имконият кўпроқ эканлигини таъкидлашган эди. Бироқ Дастин барча таҳминларни йўққа чиқарди. Даслабки дақиқаларданоқ фаолликни оширди. Партер ҳолатида, рақибини анча ҳолсизлантирди. Қўл ва оёқ билан доимий зарбалар берди. “Ноториус” асосан “лоу-кик”лар билан ишлади. Раунд тугашига 10 сония қолганида, Дастиннинг зарбасидан сўнг ортга чекинган Конор мувозанатни йўқотди. Гонг чалингач, ирланд спортчисининг оёғи голеностоп қисмидан синганлиги маълум бўлди.

Тамом. Дастин учинчи жангга келиб ҳисобда олдинга чиқиб олди ва Чемпион Чарльз Оливейрага қарши жанг қилиш имконига эга бўлди.

Макгрегор энг камида бир йил жанг қила олмайди. Сўнгги хабарларга кўра у 3,5 соат давомида операция қилинган.

“Месси эртаги”ни яхшилик билан якунлаган Копа Америка

Сўнгги беш йил ичида тўртинчи бор ўтказилинаётган Америка Кубоги мусобақаси бу йил айнан Евро-2020 бошланиш вақтига тўғри келди ва, афсуски, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб кетди. Кўпчилик буни мусобақа ташкилотчиларининг маркетинг жиҳатдан нўноқлигида айбласа, бошқалар Америка қитъасида Европадагичалик рақобат уюштириб бера оладиган терма жамоалар сони кўп эмаслигини важ қилиб кўрсатмоқда. Лекин нима бўлганда ҳам, индивидуал мухлислар учун анча қизиқ воқеаларга бой ўтган турнир мантиқий чиройли якунланди.

Аргентина ҳамда Бразилия кутилганидек, финалга етиб келди ва ўйин тақдирини Ди Мариянинг 22-дақиқада урган ягона голи ҳал қилди. Шу тариқа, терма жамоаси билан ҳали бирорта соврин қўлга кирита олмаган Лионель Месси бу турнирни муваффақиятли якунлади ва турнир “Олтин бутса”сини қўлга киритди. Бразилия эса кетма-кет 2-финалида майдонга тушиб, қаторасига 2-чемпионлигини қўлга кирита олмади. 

Евро-2020: Итальянча ҳисоб-китоб

Кутилганидек, сенсациялар, шов-шувлар ва драматик ўйинлар тақдим этган Европа Чемпионати финали ҳам бутун мусобақа сингари қизиқарли тарзда ўтди. Бельгия, Испания, Австрия сингари жамоаларни турнирдан чиқариб юборган Италия “Уэмбли”да Англия терма жамоасини қабул қилди. Ўйиннинг илк дақиқасидаёқ Люк Шоу рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, 67-дақиқада Леонардо Бонуччи палапартиш вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. Ўйиннинг асосий вақтида ғолиб номи аниқланмагач, қўшимча бўлимларга мурожаат қилинди. Якунда эса барчаси пенальтилар сериясига қолди. “Лоторея”да эса Англия терма жамоаси Рэшфорд, Санчо ҳамда Саканинг омадсиз зарбалари туфайли, ғалабани қўлдан чиқарди — “скуадро адзурра” чемпион! 

Шу тариқа мусобақа ўз якунига етди, турнир “Олтин бутса”сини Криштиану Роналду (Португалия; битта гол, битта ассист), “Олтин қўлқоп”ини Жордан Пикфорд (Англия; 5 та қуруқ ўйин) ҳамда “Энг яхши ўйинчи” совринини Жанлуижи Доннарумма қўлга киритди. Мусобақа кўпчиликнинг хотирасида ўчмас из қолдириши аниқ.

Шу тариқа, ажойиб ва унутилмас спорт ҳафталиги ўз ниҳоясига етди. Мухлисларни олдинда Токио Олимпиадаси кутиб турибди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 196
Рейтинг: 3
t
×